Парламент аъзолари тинчликпарварлик операциялари марказида бўлди

Парламент депутатлари Алмати вилоятидаги тинчликпарварлик операциялари марказида бўлди. Улар конференц-зал ва ўқув корпуси билан танишди, бу ерда БМТ шафелиги остидаги миссияларда қатнашадиган   ҳарбий, полиция ва фуқаро хизмати ходимлари тил бўйича тайёргарлик машғулотларини ўтайди. Биргина сўнгги олти ой мобайнида 150 нафар ҳарбий хизматчи тактик-махсус муҳандислик ва тиббий тайёргарлик борасида интенсив курслардан ўтган. Тинчликпарварлик контингентининг шахсий таркиби инглиз тили, куч ишлатиш қоидалари бўйича таълим олди, халқаро, гуманитар қонунчилик меъёрларини ўрганди.

Жанна Асанова, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:
- Биз учун тинчликпарварлик мавзусига доир ишлар қандай йўлга қўйилганини кўриш қизиқарли. Негаки, тинчликпарварлик фаолияти – давлатлараро мулоқотни йўлга қўйиш, дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашда ва умуман, тинчлик учун муҳим элемент. Кўрдикки, жангчиларимиз тайёр, улар жисмоний тайёргарлик ва тил борасида етарли даражада чиниққан. Иш натижаларидан қониқдик. Бу ердаги шароитлар аскарлар зарур билимларни олиши учун етарли.

Аскарлар полигонда тинчликпарвар база ҳимоясини таъминлаш, блок-постлар барпо этиш ва патруллик қилиш борасида ўзлаштирган кўникмаларини намоён қилди. Ҳарбий хизматчилар реал ҳаётдагига имкон қадар яқинлаштирилган вазиятларни акс эттириб, база миномётдан ўққа тутилганида қандай ҳаракат қилиш, шу билан бирга, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жабрланганларни эвакуация қилиш, махсус муҳандислик робот техникасидан фойдаланган ҳолда, қўлбола портловчи ускунани зарарсизлантириш  каби малакаларини кўрсатиб берди.

Бауиржан Нигметуллин, Мудофаа вазирлиги тинчликпарварлик операциялари маркази бошлиғи:
- Тайёргарлик жараёнини сентябрь ойида якунлаганмиз. Ҳозирги пайтда БМТ баҳоловчилар гуруҳини кутяпмиз – бу энг охирги босқич. Баҳоловчилар гуруҳидан сўнг биз тинчликпарварлик операцияларида иштирок этиш учун юз фоиз тахт бўламиз. Айни пайтларда Мудофаа вазирлиги, Қуролли кучлар барча ишларни тўлиғича текширдик, йил давомида катта, тўлақонли ишлар амалга оширилди, биз эндиликда барча топшириқларга тайёрмиз. 

Таъкидлаш керак, бугунги кунда қозоғистонлик тинчликпарварлар Ливанда, Ғарбий Саҳройи Кабир, Марказий Африка Республикаси ва Конгода фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги томонидан юртимиз ҳарбий хизматчиларининг Ғолан тепаликларидаги БМТ миссиясида қатнашиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.