Хитойда Олимпиада олови эстафетаси старт олди

Хитойда Олимпиада олови эстафетаси старт олди

Пекинда Қишки Олимпиада ўйинлари олови эстафетаси старт олди. Хитой пойтахти паркларидан бирида тантанали маросим ўтказилди. Ташкилотчилар таъкидлашича, пандемия туфайли эстафета йўналиши ва масофасини қисқартиришга тўғри келган. Жами минг нафардан зиёд одам унда қатнашади. Машъала 4 февралда ўйинлар очилиши маросими ўтказиладиган «Қуш уяси» стадионига келтирилади.

Цзин Хайпэн, тайконавт:

- Мен жуда мамнунман, бу – улкан фахр, айни вақтда катта масъулият. Ушбу машъала тайконавтлар жамоасининг Ватанга муҳаббати тимсоли бўла олади. Космосда биз турли ускуналар ёрдамида шуғулланамиз. Келажакда қишки спорт турлари учун ҳам зарур ускуналар бўлишига умид қиламиз.

Ло Цжихуань, конькида югуриш бўйича жаҳон чемпиони:

- Мен илк марта ва балки охирги марта Олимпиада машъаласини қўлимда тутиб турибман. Ҳаяжондаман ва бахтлиман. Пандемия муаммоларига қарамай ўйинлар муваффақиятига ишонаман. Хитойда Янги йил нишонланяпти. Демак, биз қўшалоқ байрам нишонлаяпмиз. Олимпиада ўйинлари – аввало, Олимпиада руҳи, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва саломатлик. Ўйлайманки, қишки Олимпиада нафақат муваффақиятли натижалар, балки жаҳон халқлари жипслашишига ҳам хизмат этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси