Қозоғистоннинг бош жамғармаси маблағ сарфлаш режимидан жамғариш тартибига ўтди. Парламент палаталари қўшма йиғилишида сенатор Ольга Перепечина шу ҳақда айтиб ўтди. Унинг маълум қилишича, мамлакатнинг ижтимоий сарфлари бюджет харажатларининг 40 фоизини ташкил этди. Депутат фикрича, бўҳрон даврида бундай иш тутиш ўзини оқлайди. Шу билан бирга, янги нохомашё даромад манбаларини топиш зарур. Мамлакат "хавфсизлик камари"га муносабатни ўзгартириш керак. Тадбиркорликни, айниқса, саноат соҳасида қўллаб-қувватлашга эътибор зарур, дейди сенатор.
Ольга Перепечина, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати, молия ва бюджет қўмитаси раиси:
- 2020 йил мамлакат учун ҳам, дунё учун ҳам мураккаб келди. Биз бу давр сабоқларидан хулоса чиқаришимиз керак. Биз кўриб чиқаётган бюджет якунлари иқтисодий, бюджет ва бошқарув борасида тўғри механизмлар танлаш учун хизмат қилиши зарур. Бўҳрондан кейинги даврда мамлакат иқтисодиётини рвиожлантириш, фуқаролар турмуш сифатини ошириш учун бизда 2025 йилгача мўлжалланган Қозоғистон Республикасини ривожлантириш миллий режаси бор, турли дастурлар бор, бюджет эса бош молиявий восита сифатида янги иқтисодиётни, минтақаларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши лозим.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш учун амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Асқар Мамин маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда аҳоли даромадини 5 фоизга ошириш учун жорий йилда жами 8 триллион тенге қийматга эга 415 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кутиляпти. Бундан ташқари, 2021 йилда 17 миллион квадрат метр уй-жой, 200 та мактаб бунёд этилади, 30 та тиббиёт даргоҳи иш бошлайди. Шу тариқа, ҳукумат олдида турган, мамлакат иқтисодий ўсишини 3,5-4 фоизга ошириш вазифаси бажарилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси