Қозоғистон Президенти ХХР Раиси Си Цзинпинь билан музокара ўтказди. Давлат раҳбари Бутунжаҳон сунъий интеллект конференциясида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди, ХХР Раисини Хитой Коммунистик партияси ташкил этилганининг 105 йиллиги билан табриклади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Хитой билан абадий ва стратегик шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Президентга кўра, савдо-иқтисодий соҳада катта ютуқларга эришилган. Ўзаро товар айланмаси 49 миллиард долларга етди, Мамлакатимиз иқтисодига киритилган инвестиция 30 миллиард долларни ташкил этди. Саноат, энергетика, газ-кимё, машинасозлик ва қишлоқ хўжалигида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари халқаро майдондаги ҳамкорлик юқори даражада эканлигига эътибор қаратди. Мамлакатлар глобал барқарор ривожланиш ва хавфсизликни таъминлаш масалаларида ўхшаш позицияларга эга. ХХР Раиси, ўз навбатида, Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилганини, ривожланиш учун сезиларли салоҳиятга эгалигини таъкидлади. Си Цзинпин Қозоғистондаги ўзгаришларни юқори баҳолади ва Қосим-Жўмарт Тўқаевни янги Конституция қабул қилингани билан табриклади. Учрашув якунида Қозоғистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида 2027-2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ва йўл харитаси имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

