Алмати тоғларида яна ўзига хос ва ёрқин чолғу асбоблари композициялари палитраси, Осиё артистлари-ю вокал ижрочиларининг бетакрор аранжировкалари янграйди. Марказий Осиёнинг энг йирик анжуманларидан бўлган «Осиё овози» халқаро фестивали салкам йигирма йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланади. Тадбир бош продюсери Арманжан Байтасов таъкидлашича, машҳур «Осиё овози» танлови анъанавий шаклда, келгуси йилнинг июль ойида баланд тоғда жойлашган «Медеу» муз саройида ўтказилади. Эслатамиз, тадбир 90-йиллардан 2004 йилгача мунтазам ўтказиб борилган. Турли йилларда Патрисия Каас, Тото Кутуньо, Митхун Чакраборти, «Бони М» ва бошқалар фестиваль меҳмони бўлган.
АРМАНЖАН БАЙТАСОВ, ПРОДЮСЕР:
- Биз ҳеч нарсани ихтиро қилмаймиз ҳисоб. Концертлар, танлов дастури аввалги шаклида қолади, концерт якунида бирорта юлдуз чиқиши режалаштирилади. Танлов дастурига келганда, бугун яна бир марта алоҳида таъкидлашни истардимки, биз миллий ва оммавий мусиқа йўналишлари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу тамойил сақлаб қолинади.
ЛАУЛА АСҚАР, МАХСУС ЛОЙИҲАЛАР ДИРЕКТОРИ:
- «Осиё овози» – кенг кўламли лойиҳа. У ёш, навқирон мустақил давлат – Қозоғистонни дунёга танитган. Фестиваль кенг қамровли, мақоми юқори бўлган, фақат Осиёгина эмас, бутун Евроосиё, ҳатто олис Америкадаги ижодкорлар ҳам унда қатнашишни шараф деб билган.
Абдумалик Сарманов таржимаси