Экспертлар: Қозоғистон беқарор дунёдаги барқарор мамлакат

Қозоғистон 2020 йил таҳликаларига қарши тура олди. Сиёсатшунослар ўтган йил якунларини чиқармоқда. Улар 2020 йил бутун дунё учун мураккаб кечганига эътибор қаратмоқда. Пандемия, фалокатлар, жаҳон иқтисодиётининг емирилиши. Мамлакатда эса инқирозга қарши самарали ишлаш модели барпо этилди.

БАУРЖАН ТЎЛЕГЕНОВ, СИЁСАТШУНОС:

- Ўтган ўн йиллик давр республикамиз учун ҳар жиҳатдан қулай келди. Қозоғистон ташқи сиёсатда ҳам, иқтисодий муносабатларда ҳам етарлича қулай муҳитда фаолият юритди. Шу даврда тизимимиз, давлатчилигимиз қанчалик барқарорлиги ҳақида саволлар бериларди. 2020 йилда биз бошимиздан ўтказган воқеалар давлатимиз ҳар жиҳатдан кучли, ташкилотларимиз самарали, ишчан ва талабга жавоб бера олишини кўрсатди.

Рақамлар ҳам бу фикрни қувватлайди. Жаҳон миқёсида ялпи ички маҳсулот 5-6 фоизга пасайган бўлса, Қозоғистонда бу 1-1,5 фоизни ташкил этди. Бунинг ҳаммаси тизимли чора-тадбирлар натижасидир. Халқ билан давлат ўртасида ўзаро алоқа мавжудлиги, «тингловчи давлат» концепцияси алоҳида эътиборга лойиқ. Бу борада, аввало Қосим-Жўмарт Тўқаев намуна кўрсатмоқда. Мутахассислар президентлик институти ва йўналишлардаги узвийлик самара берганини алоҳида таъкидламоқда. Айни вақтда қатор сиёсий ислоҳотлар пакети тақдим этилди, шунингдек, асосий қонунларга ўзгаришлар киритилди. Стратегик режалаштириш агентлиги ва Ислоҳотлар бўйича олий кенгаш тузилди.

ҚАЗБЕК МАЙГЕЛДИНОВ, СИЁСАТШУНОС:

– Президент муаммоларни давлат учун муҳим ёки аҳамияти кам деб ажратмайди. Сатпаевда юз берган муаммолар ёки Алматида дарахтлар кесилишига оид масала қандай ҳал бўлганидан ўзингиз хабардорсиз. Бундай масалаларда Давлат раҳбари бевосита иштирок этди. Шу тариқа, Президент давлат ва жамият ўртасидаги алоқа мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда. Айнан Президент фаолияти туфайли «тингловчи давлат» концепцияси трендга кирди.

ЕРЛАН САИРОВ, СИЁСАТШУНОС:

- Қозоғистон беқарор дунёдаги барқарор мамлакат. Бу жиҳатларнинг барчаси Президент Тўқаев фаолиятининг натижаларидир. Барчамизга маълум, йил бошидан буён Президент ташаббусига кўра ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш, пандемия даврида аҳоли фаровонлигини барқарор тутиш учун мажмуавий қадамлар қўйилди.

Келгуси йил ислоҳотларнинг иккинчи пакети рўёбга чиқарилади. Сиёсатшунослар фикрича, ўзгаришлар давлат ва жамият ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди.