Олтин Ўрда даврига мансуб тарихий либос тикланмоқда

Қозоғистонлик олимлар Олтин Ўрда даврига мансуб эркак киши қиёфасини қайта тиклади. У юқори даражада аниқ, ҳатто либослари ҳам реконструкция қилинган. Тиклаш ишлари Марғулан номли университет қошидаги археологик тадқиқотлар институтининг халқаро «UMAI» лабораториясида амалга ошириляпти. Чопон ва эркакча этик Толмас ота мақбарасида топилган. Қолдиқлари дафнгоҳдан олинган бу одам тасвирини тахминан тиклашга доир бутун концепция унинг пойабзалига асосланган, дейди мутахассислар. Этикнинг аниқ нусхасини яратишда қадимги усуллардан фойдаланилди.

 

Татьяна Крупа, Марғулан номли университет қошидаги археологик тадқиқотлар институти халқаро лабораторияси мудираси:

– Бу ерда қизиқ бир безакни кўрасиз, бу аслият, Олтин Ўрда давридан. Эндиликда этикни қайта тиклаш режа қилинган. Биз пойабзал нусхасини яратдик. Унинг пошнаси ва тагчармидан бошқа қисмлари сақланиб қолган. Ўлчамини олдик, чокларини ўрганиб, қайта тикладик. Бу ишда имкон бўлган барча усуллар ишлатилди, замонавий чармдан қилинди, шу чокларни қўллаб, нусха олдик.

 

Ўрта асрларда яшаган бу инсон қиёфасини тўлиқ тасаввур қилиш учун бош чаноғида махсус пластика қўлланди. Бундан ташқари, лабораторияда қадимий материал ва бўёқлар ўрганилди. Улар кейинчалик Олтин Ўрда фуқароси кийган устки либос реставрациясида ишлатилди.

 

Татьяна Крупа, Марғулан номли университет қошидаги археологик тадқиқотлар институти халқаро лабораторияси мудираси:

–  Афсуски, кийимлар сақланиб қолмаган. Биз имкон қадар ўхшаш материални танлаб олдик. Хусусан, чопоннинг устки матоси зарли парча бўлган, бу ипак мато, либослари тўлиғича ипакдан тикилган, шолвор, кўйлак ва чопон. Мен лойиҳа учун олдим, кўйлак ва астарга оқидан олинди, замонавий ва қадимий технологиялар орасида кўприк бўлди бу, матони Олтин Ўрда даврига мансуб бўёқлар ёрдамида бўядим.

 

Халқаро лаборатория олимлари айтишича, ҳозирда реконструкция ишлари давом этмоқда, авлодларга қолдириш учун энг охирида олинган натижа консервация қилинади.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.