Ҳаёт гиёҳини ахтариб Хон
Тангрининг ҳузурига йўл олган сак аскари. Қизиқарли воқеалар ҳақида ҳикоя
қилувчи «Олтин одам» эпик мультфильми томошабини сари йўл олди. 70 минут давом
этадиган тўла метражли анимация фильмидаги бош қаҳрамон исми – Анқил. Унинг
Жупар ва Барис исмли дўстлари бор. Фильм сюжетига кўра, унда ёш авлод бебаҳо
ўтмиш ёдгорлиги – олтин совут ҳақида маълумот олади. Мультфильмни томоша қилган
ҳар бир болада «Олтин совутни қандай одам кийган экан?» деган савол пайдо
бўлади, дейди картина режиссёри Турдибек Майдан.
Турдибек Майдан, «Олтин одам» фильми
режиссёри:
- «Олтин одам» - Қозоғистондаги
бебаҳо ўтмиш ёдгорлиги. Биз шундай нарсалар борлигини болаларга тарғиб қилиш
ниятида эдик. «Олтин одам»нинг совутини кўрганда ҳар бир бола унинг ичида
кимдир бўлган, у қандай одам экан деган
хаёлга бориши шубҳасиз. Шунинг учун биз бу саволга жавоб беришга ҳаракат
қилдик. «Олтин одам»нинг ички дунёси ҳам олтин бўлиши керак деган фикрда фильм сюжети
яратилди.
Шу кунларда мультфильм устида иш
деярли тугади. Фильм қозоқ тилида бўлгани сабабли, профессионал дубляж ҳам
қилинади. Яқинда рус тилида ҳам овоз берилади, шунингдек, инглизча субтитрлар
қўйилади. Фильмни тайёрлаш учун қирқдан зиёд анимация мутахассиси жалб этилган.
Келажакда ижодий жамоа фильмни халқаро танловларга тақдим этиш, катта прокатга
чиқариш ниятида.
Тилек Тўлеуғази, «Олтин одам» фильмининг
иккинчи режиссёри:
- Анимация соҳасида ўта сабрли,
саботли одамлар ишлайди. Бизда ҳар секунд учун 12-24 сурат чизилади. Масалан, тажрибади
аниматор ҳам бир кунда бир неча сонияни чиза олади, холос. Шу сабабли
анимацияни «игна билан қудуқ қазиш»га ўхшатиш мумкин. Анимация ишида ҳамма
нарса секундлар билан ўлчанади. Сониялар ичида
чизиқларни санаймиз, ҳар бир кадрни чиқариш учун куч сарфлаймиз.