«Олтин дала» ташаббуси Earthshot Prize мукофотини олди

Қозоғистоннинг «Олтин дала» ташаббуси The Earthshot Prize нуфузли экологик мукофотининг «Табиатни муҳофаза қилиш ва қўриқлаш» номинациясида ғолиб бўлди. Шаҳзода Уильям таъсис этган мукофот сайёрани сақлаб қолиш учун яратилган инновацияларга берилади. У мамлакатимизга сайғоқлар популяциясини сақлаб қолишда улкан ютуқлар ва қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтирганлиги учун тақдим этилди. Бугунги кунда мазкур жониворлар сони 3 миллионтадан ошди. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда шу кунларда қулонлар, Пржевальский отлари, дашт бургути ва бошқа ноёб ва йўқолиб бораётган турлар популяциясини тиклаш давом этяпти. Лойиҳаларга жами 9,5 миллион доллар инвестиция жалб этилди.


Асқар Абдрахманов, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазирлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи:


- Бу – мамлакатимиз учун улкан ютуқ. Вазиятдан фойдаланиб, барча ҳамкорларимизни ва мамлакатимизни ушбу воқеа билан табрикламоқчиман. Олдинда яна кўплаб ғалабалар кутаётгани шубҳасиз. Тақдим этилган мукофот Қозоғистоннинг сайёрадаги биологик хилма-хилликни сақлаб қолишга қўшаётган ҳиссасини дунё миқёсида тан олиш дегани, айни вақтда мамлакатимиз дунё экологик муаммоларини ҳал этишда фаол ва самарали қатнашаётганини кўрсатади. Олдимизда улкан вазифалар турибди. «Олтин дала» ташаббуси Қозоғистондаги ноёб дашт экотизимларини сақлаб қолиш ва ўрганишга, ҳайвонот дунёсининг асосий турларини тиклашга қаратилган.


Таъкидлаш лозимки, бу – Қозоғистоннинг табиат билан боғлиқ дастлабки мукофоти эмас. 2022 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилотида бу лойиҳа тикланиш жараёнининг байроқдори, деб аталганди.


Абдумалик Сарманов таржимаси