Қозоғистонда газ нархини белгилаб туриш тўғрисидаги буйруқ муддати яна олти ойга узайтирилди. Рақобатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш агентлиги раиси буйруғига тегишли ўзгаришлар киритилди. Ҳужжатга мувофиқ, мамлакат бўйлаб автоёнилғи станцияларида чакана сотилаётган автотранспортда ишлатиладиган суюлтирилган нефть гази нархини чеклаш 2023 йил 30 июнгача давом этади. Таъкидлаш лозимки, ушбу буйруқ 2022 йил январида мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра чиқарилган. Ҳужжатга кўра, чакана сотиладиган автотранспортда ишлатиладиган суюлтирилган нефть гази баҳоси, мамлакатнинг қайси минтақасида сотилишига кўра, литрига 50-70 тенге этиб белгиланган. Буйруқ муддати 1 январда тугаши лозим эди, эндиликда бу давр яна олти ойга чўзилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси