Лондонда Евроосиё кинофестивали бўлиб ўтди

Лондонда Евроосиё кинофестивали бўлиб ўтди

Қозоғистон киноусталарининг 2 картинаси Лондонда бўлиб ўтган учинчи Евроосиё халқаро кинофестивали мукофотига сазовор бўлди. Жумладан, Мансур ва Мақсут Сарсенбаевларнинг «Бузилган келажак» фильми сценарийси ўз категориясида энг яхши деб тан олинди. Ватандошимиз Дильшат Рахматуллин ҳам 60 дан зиёд рақибини доғда қолдирди. Унинг «Лебеди» кулранг ғози» асари «Энг яхши анимация фильми» номинациясида ғалаба қилди.

Марат Ахмеджанов, Евроосиё кинофестивали президенти:

- Киносценарий йўналишидаги муваффақият Қозоғистонда яхши фильмлар яратиш учун шарт-шароит етилганини кўрсатади. Бу фестиваль туфайли кўплаб продюсерлар, режиссёрлар бунга эътибор қаратиши аниқ. Бу эса биргаликда фильмлар тайёрлаш имкониятини беради. Анимациядаги ажойиб иш эса кутилмаган совға бўлди.

Евроосиё фестивали Британиянинг нуфузли Romford кинофестивали билан бирга 2019 йилдан буён ўтказилади. Ундан мақсад - МДҲ ва Марказий Осиё кинокартиналарини илгари суриш. Айни вақтда, йил сайин иштирокчи мамлакатлар рўйхати кенгаймоқда. Танловдаги номинациялар сони ортмоқда. “Энг яхши бадиий фильм”, “Энг яхши қисқа метражли фильм”, “Энг яхши ҳужжатли фильм”дан ташқари «Энг яхши сценарий», «Энг яхши анимацион фильм», «Энг яхши мусиқали видео» ва «Энг яхши мобиль телефонда олинган фильм» ҳам киритилди. Кинофестиваль ҳакамлари қозоғистонлик режиссёрлар тақдим этган фильмлар ҳақидаги таассуротларини баҳам кўрмоқда.

Майкл Дэниел Сагатис, ҳакам:

- Салом! Мен Қозоғистонни яхши кўраман. Бу ажойиб мамлакатда яшаш, саёҳат қилиш, ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Марказий Осиё мамлакатлари шу қадар кўп фильмлар тақдим этаётгани кишини қувонтиради. Лекин Қозоғистон фильмлари, шубҳасиз, алоҳида ҳиссиётлар уйғотади. Масалан, «Энг яхши бадиий фильм» номинациясида тақдим этилган «Балуан Шўлақ» кинокартинаси ўзига хос тарихий асар, у қозоқ халқининг бетакрор қалбини ифодалайди.

Карантин чекловларини ҳисобга олган ҳолда кинофестиваль номинантларининг кўп қисми маросимда онлайн тарибда қатнашди. Лекин бу юзага келган ажойиб муҳитга салбий таъсир кўрсата олмади. Тадбир доирасида болалар расмлари кўргазмаси ўтказилди. Унда 5 нафар ёш қозоғистонлик рассом ижоди намойиш этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси