Қозоқлар ва монголлар ирсий биродарми? Ушбу масалани батафсил ўрганиш учун мамлакатимиз олимлари Монголияга экспедиция йўллади. Тадқиқотчилар икки мамлакат вакилларининг генетик тестлари ва қон намуналарини таққослаш ниятида. Шу тариқа, олимлар улардаги ўхшаш жиҳатлар ва этник ўзига хосликни аниқлайди. Экспедиция ниҳоясида мутахассислар иш натижаларини чоп этади, у этногенез соҳасидаги илмий кашфиётлар учун хамиртуруш бўлиши мумкин.
Мақсат Жабағин, Биотехнологиялар миллий маркази одам генетикаси лабораторияси мудири:
– Монголияда ҳам турли этник гуруҳлар яшайди. Биз генетика ёрдамида уларнинг хилма-хиллигини ўрганамиз. Қатор саволларимизга жавоб ахтарамиз. Уларнинг қозоқ халқи билан қандай умумийликлари борлиги ва умумий шажараси қандайлигини аниқлаймиз. Монгол гуруҳларидан қайси бирлари бизга яқинлигини билиб олиш, этнографик маълумотлар ҳамда ДНК тўплаш учун борамиз.
Қозоғистон олимлари бундай тадқиқотлар ўтказилмаган Монголиянинг ғарбий ва шарқий қисмларини қамраб олиш ниятида. Аҳолидан олинган ДНК намуналари махсус биобанкда сақланади, улар чуқурроқ ўрганиш ниятида Қозоғистонга келтирилади.
Ерлан Раманкулов, Биотехнологиялар миллий маркази Бош директори:
- У ерда Монголиянинг ўрганилмаган этник гуруҳлари тўғрисида бир оз материал тўпланган, уларнинг барчаси кўчиб келган у ёки бу даражада қозоқ уруғлари билан қариндош. Монголиядан келганлар қаторига найманлар, қўнғиротлар, керейлар каби йирик уруғларни киритиш мумкин. Аввал ҳам кўчиб юрган. 700 йилдан кўпроқ Монголия, Жанубий Сибирда яшаган. Уларни Монголиялан келган ва бошқа қозоқ уруғлари билан таққослаймиз.
Олимлар фикрича, қозоқлар ўз келиб чиқишини нисбатан яхши биладиган дунёнинг саноқли халқларидан бири. Буни замонавий фан ҳам исботлаб бермоқда. Афсуски, кўчманчи халқнинг ўтмиши тўғрисида ёзма манбалар жуда кам сақланиб қолган. Ҳужжатли материаллар камлигини ҳисобга олган ҳолда янги маълумотлар тарихчилар, археологлар ва палеонтологлар учун қимматли бўлиши шубҳасиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.