Нью-Йоркда Қозоғистон иқтисодий салоҳияти тақдим
этилди. Бўлиб ўтган «Kazakhstan Finance Day» форумида глобал молиявий бозор қатнашчилари ва ҳамкорлар
мамлакатимизнинг ривожланиш динамикаси, долзарб инвестициявий лойиҳалар билан танишишди. Тадбир давомида қатнашчиларга рақамлаштириш
соҳасидаги ютуқлар кўрсатилди, миллий молиявий инфратузилманинг технологик жиҳатлари, хавфсизлиги ва самарадорлигини ошириш режалари тақдим
этилди. Мамлакат банк сектори учун яратилган иловалар катта қизиқиш уйғотди. Форум икки мамлакатнинг 450 нафардан зиёд экспертини бирлаштирди, унда Уолл Стритнинг йирик инвесторлари ҳам қатнашди.
Мадина Абилқасимова, Қозоғистон Республикаси Молиявий бозорини тартибга
келтириш ва ривожлантириш агентлиги раиси:
- Иккита йирик
молиявий гуруҳ қатнашди. Kaspi.kz Америка жамғарма биржасида, Nasdaq биржасида листингдан
ўтган. Шунинг учун америкалик инвесторларда катта қизиқиш уйғотди. Halyk Bank Лондон
жамғарма биржасида листингдан ўтган. Шу сабабли инвесторлар мамлакатдаги
иқтисодий вазиятни, молиявий бозорнинг аҳволини ўрганяпти. Улар халқ IPOсига
чиққан асосий молиявий флагман компанияларимиз акцияларини харид қилишдан
манфаатдор. Биз Қозоғистон бозорида акциялар ва қарз бериш воситаларини харид
қилаётган инвесторлар сони ортиб бораётганини кўриб турибмиз.
Брайан Хук, Cerberus Capital Management раиси ўринбосари:
– «Kazakhstan Finance Day» майдончасида кўплаб Америка компаниялари, шу жумладан, менинг компаниям бор, улар
мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти жадал
ўсяпти. Президент Қосим-Жўмарт
Тўқаев 2029 йилгача
иқтисоднинг ўсишини икки марта ошириш вазифасини қўйгани қувонтиради. Республика иқтисодий эркинлик рейтингига дунёнинг ўртача
даражасидан юқорида эканлигини биламиз. Инвесторларни қонун
устуворлиги, солиқлар, ўзгаришларни олдиндан кўра
олиш қизиқтиради. Мамлакатингизда айнан шу йўналишларга катта эътибор
бериляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси