Қозоғистонда креатив саноатни ривожлантириш жамғармаси тузилади. Унга ижодий ва таълим ташкилотлари киради. Жамғарма инвестиция жалб этади, лойиҳаларни молиялаштиради, мамлакат ижодий саноати маҳсулоти экспорти билан шуғулланади. Ҳукумат йиғилишида маълум қилинишича, минтақаларда креатив хаблар очилади, 2026-2030 йилларга мўлжалланган Креатив саноатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Таъкидлаш лозимки, мамлакатда креатив иқтисод фаол ўсаяпти, 2019 йилдан буён унинг ҳажми 3 марта кенгайди. 45 ярим минг нафар саноат субъекти рўйхатдан ўтган. Улар учун махсус солиқ тартиби жорий этилган.
Аида Балаева, Қозоғистон
Республикаси Маданият ва ахборот вазири:
- Бир йил ичида креатив саноат субъектлари сони 15 фоизга ортди, унда ишлаётган ҳам 15 фоизга кўпайди. Бундан ташқари, Global Innovation Index-2024 дунё рейтингига кўра, «Креатив товар ва хизматлар» кўрсаткичи бўйича Қозоғистон 93-ўриндан 65-поғонага кўтарилди.
Қозоғистон рейтингдаги «Миллий фильмлар ишлаб чиқариш» кўрсаткичи бўйича ҳам 60-ўриндан 31-поғонагача кўтарила олди. Ўтган йили мамлакат кинокартиналари ишлаб чиқариш 58 фоизга ортди. Ва бу рақам ўсишда давом этади. Шу кунларда мамлакатда машҳур актёр Жеки Чан ва «Оскар» соҳиби бўлган продюсерлар иштирокида фильмлар олиняпти. Тимур Бекмағамбетов билан бирга сунъий интеллектга асосланган контент яратиш технологияси бўйича дунёда тенги йўқ лойиҳа устида иш давом этяпти.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Энг кўп
томошабин кирган фильмлар илғор ўнлигининг ярмини мамлакат ленталари ташкил
этди. Хорижий ва маҳаллий картиналардан тушаётган даромад тахминан тенглашди. Бу
эса томошабинларнинг миллий контентга қизиқиши ортаётганини кўрсатади. Шунинг
учун Давлат раҳбари Миллий қурултойда суратга олинаётган фильм ва сериалларга
алоҳида эҳтибор қаратишни топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

