Чорлов ва хатарларга кучларни бирлаштириш орқалигина қарши туриш мумкин. «Astana Club» йиғилишида Нурсултон Назарбоев шу ҳақда сўз юритди. Жонли ва кутилмаган мунозаралар бўлиб ўтадиган ўзига хос интеллектуал майдончада Элбоши бир неча аниқ таклифлар билдирди. Бу Афғонистондаги вазиятга ҳам боғлиқ. Қозоғистон биринчи президенти таъкидлагани каби, Алматида Афғонистон реабилитацияси бўйича БМТ халқаро марказини яратиш масаласи янада долзарб. Бундан ташқари, коронавирус тарқалишига чек қўйиш, дунёвий ҳукмронликка қарши туриш ва ядровий қуролсизланиш борасида ҳам сўз юритилди.
Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Биринчи Президенти, Элбоши:
- Ушбу майдончада Катта Евроосиёнинг улкан ҳудудини бирлаштириш учун ўзаро тушунишнинг янги нуқталарини топишга интиламиз. Клубимизнинг асосий вазифаси ҳам айни шундан иборат, у халқаро майдонда ўзига хос ўрин эгаллаб улгурди.
Евроосиё давлатлари учун тизимли мулоқот зарур. Анчадан бери фаолият кўрсатаётган, жумладан, учинчи давлатлар билан иш олиб бораётган минтақавий халқаро бирлашмалар шунга хизмат қила олади.
Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон Биринчи Президенти, Элбоши:
- Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, Европа Иттифоқи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Турк Давлатлари Ташкилоти билан тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш пайти келди. Шу билан боғлиқ ҳолда, тўрт тарафлама «Катта Евроосиё» иқтисодий форумини ташкил этишни таклиф қиламан, унда мамлакатлар ушбу минтақада кооперация яратилишининг барча имкониятларини муҳокама қилиши, илгари суриши мумкин.
Бугун дунё яна бир хавф - ядровий таҳдид билан юзма-юз турган бир пайтда ушбу қуролларни тарқатмасликнинг чин маънода наф берадиган механизмини ишлаб чиқиш вақти аллақачон келган. Нурсултон Назарбоев аввалроқ босқичли режа ишлаб чиқишни таклиф қилганди. Унинг ташаббуси бўлган Альянс ҳам марказий майдонча ва ҳаракатланувчи куч бўлиши мумкин.
Хуршида Абдуллаева таржимаси