Нурлан Ниғматулин Парламент вазифаларини тушунтирди

Парламент Мажилиси янги таркиби давлат органлари ва жамият билан конструктив мулоқотда бўлади, олдиндаги биринчи сессияда эса қатор устувор қонун лойиҳалари қабул қилинади. Палата пленар мажлисида Нурлан Ниғматулин шундай баёнот берди. У мажилисменлар эътиборини яқинда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев кўрсатиб берган фаолият устуворликларига қаратди. Энг муҳим қонун лойиҳалари қаторида Ижтимоий кодекс ва Солиқ кодекси лойиҳалари бор. Айни вақтда, улардан иккинчисини соддалаштириш, тадбиркорлик ва рақобатни фаоллаштиришни ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш керак.

Парламент қуйи палатаси раҳбари бизнесни қонунан ҳимоялаш механизмларини ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратди. Уларнинг барчаси янгича тартибга солиш сиёсати тамойилларига асосланиши лозим. Шуни ҳам айтиш керакки, Ниғматулин «Саноат сиёсати тўғрисида»ги, «Жамоат назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ҳам муҳим ишлар қаторига киритди. Унинг айтишича, парламент инсон ҳуқуқларини муҳофаза этишни кўзда тутган алоҳида қонун лойиҳалари устида  ишлаши керак.

НУРЛАН НИҒМАТУЛИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ МАЖИЛИСИ РАИСИ:

- Ушбу сессияда кўриб чиқилиши кутилаётган ҳар бир қонун лойиҳаси мамлакат иқтисодий тараққиёти барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам, фуқаролар ҳаёти сифатини яхшилашда ҳам муҳим.  Шу боис, ушбу сессия очилишида мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев берган топшириқларни бажариш учун соғлиқни сақлаш, таълим, аҳолини ижтимоий ҳимоялашни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган қонунчилик базасини яратишимиз лозим.