NURIS инновациявий кластерининг 24 стартапи намойиш қилинди

Астанада NURIS инновациявий кластерининг бизнес-инкубация ва акселерация дастурлари битирувчиларининг EdTech, MedTech, FinTech, HRTech ва E-Commere соҳаларида 24 та стартапи тақдимоти ўтказилди. Ишланмалар махсус кўргазмага қўйилди, муаллифлар улар имкониятлари тўғрисида венчур жамғармалари ва компаниялар вакилларидан иборат махсус ҳакамлар таркибига маълумот берди. Уларга эҳтимолий инвесторлар сифатида қаралади. Demo Day иштирокчиларининг асосий мақсади – ўз ғояларини рўёбга чиқариш, кенгайтириш, ундан даромад олиш учун маблағ жалб қилишдан иборат.  

Абзал Дарибаев, NURIS инновацияларни ривожлантириш директори:

– Ҳаммаси муаллифларга боғлиқ, улар венчур жамғармалари билан ҳамкорлик қила бошлайди, венчур сармоялар жалб этилади, келгуси 2-3 йилда улар қанчалик узоққа бора олиши, маҳаллий ва хорижий  бозорларга кира олиши маълум бўлади. Уч йил аввалги битирувчиларимиздан бир нечтасининг маҳсулоти ҳозирги пайтда Буюк Британия, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар бозорларида сотиляпти. 

Камилла Қишқашбаева инкубация дастурини муваффақиятли якунлади. Ёш кашфиётчи ҳакамларга қишлоқ хўжалиги ходимларига хизмат қилувчи инновациявий автоном роботни тақдим этди. У далалардаги зараркунандаларни аниқлайди ва йўқ қилади. Робот сунъий интеллектга эга, компьютер кўзи бор, таълим олиш қобилияти ривожланган. 

Камилла Қишқашбаева, Kazagrotech стартап-лойиҳаси асосчиси: 

– Ҳозирда Қозоғистондаги битта компания билан ҳамкорлик қиламиз. Бугунги кундаги асосий вазифамиз – ушбу компания билан шартнома тузиш, бирга пилот-драйв ўтказилади, сўнгра 5 та маҳсулотни сотамиз, 2025 йилда МДҲ бозорига чиқамиз. Ҳозирча ишимиз учун 18 минг доллар инвестиция жалб этдик.  

Таъкидлаш лозимки, NURIS инновациявий кластери бизнес-инкубация ва акселерация дастури 8 йилдан буён ишлаяпти. Уч юз нафардан зиёд тадбиркор унда таълим олди, улар стартапларига эса жами уч миллиард тенгедан зиёд сармоя олган. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.