Нур-Султонда қандай қилиб мазмунли вақт ўтказиш мумкин? Бу борада барча маълумотларни QR-кодли кўрсаткичлардан олиш мумкин. Улар туристик полициянинг барча стационар постлари - «Байтерек» ва «Қазақ эли» монументлари, «Севишганлар парки» ва ЭКСПО кўргазма марказида қўйилган. Туристлар махсус тайёрланиб, қозоқ, рус, инглиз ва хитой тилларида босилган брошюра-йўлномалар ёрдамида мегаполис билан мустақил танишиши мумкин. Уларга шаҳар схема-хариталари илова қилинган ва диққатга сазовор жойлар кўрсатилган. Полициячилар таъкидлашича, бу янгилик саёҳатчиларга маъқул келди.
Валерия Вознесенская, турист:
- Бирор шаҳарга саёҳат қилганда бирор нарсани ўтказиб юбормасликни истайсиз, ҳаммасини кўргингиз келади. Шаҳарда сайёҳлар томоша қилиши, айланиб чиқишига арзийдиган жойлар кўп. Интернетда маълумот ахтарсангиз, айнан нима кераклигини билишингиз лозим. Биринчи марта келган сайёҳ ҳамиша ҳам нимадан бошлашни билавермайди. Бу ерда ҳаммаси бир жойга тўпланган. Жуда қулайлигини кўриб турибман.
Ҳар куни 30 тача саёҳатчи туристик полиция ходимларига мурожаат этади. Ходимлар чет тилларни яхши билгани учун улар билан бемалол мулоқотда бўлади. Кўпинча хорижликлар навигация, бир пунктдан иккинчисига қандай бориш, қаерда тўхташ мумкинлиги, диққатга сазовор жойларга қандай боришни сўрайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси