Франция пойтахтида Абай хотираси абадийлаштирилди. Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири бюсти Парижнинг энг кўркам туманларидан бири - Адибу шоирлар хиёбонида ўрнатилди, бу ерда Гюго, Мольер, Бодлер ва Пушкин ҳайкали ҳам бор. Таъкидлаймиз, ҳайкал очилиши Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди. Париж мэрияси ва Нур-Султон шаҳар ҳокимлигида айтилишича, мазкур бюст икки пойтахтни яқинлаштиришда илк қадам бўлди. Тарафлар ҳамкорлик борасида алоҳида шартнома тузиш ниятида.
Арно Нгатча, Париж мэри ўринбосари:
- Мен шу ерда, Парижда, 16 округ юрагида, Шоирлар хиёбонида Абайга ҳурмат бажо келтиришдан бахтиёрман. У Виктор Гюго, Арагон билан бир сафда. Бу Париж шаҳри ушбу буюк шоир учун барпо этишни истаган эҳтиром белгиси, шунингдек, Париж ва Нур-Султон ўртасида маданий соҳада шаклланаётган ҳамкорлик рамзи, бундан жуда мамнунман.
Алтай Кулгинов, Нур-Султон шаҳар ҳокими:
- Бу келгусида ҳам икки давлат маданияти яқинлашувига хизмат қилади. Биз, шунингдек, Париж мэри билан икки шаҳар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдик.
Париж қозоқ шоири хотираси абадийлаштирилган иккинчи француз шаҳрига айланди. Беш йил аввал унинг бюсти Реннда барпо этилган. Бундан ташқари, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларда ҳам Абайга ҳайкал қўйилган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси