ТУРКСЎЙ халқаро ташкилоти туркий маданият ва санъатни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган арбоблар ҳамда ижодий жамоаларни мукофотлади. Туркийзабон халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун «Абай Қўнонбоев», «Низомий Ганжавий», «Чингиз Айтматов», «Халдун Танер» ва «Тўқтағул Сатилғанов» олтин медаллари ва эсдалик белгилар топширилди. Тантанали тадбир барча туркий халқлар учун умумий бўлган Наврўз байрами муносабати билан ташкил қилинди.
Бағдат Тлегенов, «Сазген сази» фольклор-этнографик ансамбли бадиий раҳбари:
– Бизнинг фаолиятимиз мамлакатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашига шубҳа йўқ. Фикримча, барчамизни ёрқин келажак кутяпти. Биз Ўзбекистон, Озарбайжон, АҚШ ва ҳатто Японияда бўлдик. Ҳар бир концерт чуқур таассурот қолдирган. Бу анжуманлар одамлар хотирасидан жой олади. Улар шундай туркийзабон ташкилот борлигини, унинг таркибига улкан маданий меросга эга давлатлар киришини унутмайди. Биз ТУРКСЎЙ оркестрининг бир қисми бўлганимиздан мамнунмиз. Олдинда режалар кўп. Бажариладиган ишлар етарли.
Динара Ибрагимова, Хоразм мусиқали драма театри директори /Ўзбекистон/:
- Вазиятдан фойдаланиб, Дуйсен Қурабаевичга, ТУРКСЎЙ ташкилотига таклиф учун миннатдорчилик билдиришни истардим. Мен учун кутилмаган янгилик. Жуда мамнунман.
Сайрабу Челекеева, яккахон /Қирғизистон/:
– Кутилмаган сюрпризга дуч келдим. Жуда ёқимли, ажойиб совға бўлди. Мен ТУРКСЎЙни бутун қалбим билан севаман. Ишимни юқори баҳолаб, шундай мукофот беришгани учун раҳмат. ТУРКСЎЙ гуллаб-яшнашини тилайман.
Таъкидлаш жоизки, ТУРКСЎЙ Наврўзга бағишланган икки ҳафталик дастур тайёрлаганди. Унда туркийзабон мамлакатлардан 350 дан зиёд санъаткор қатнашди. Кенг кўламли тадбирлар тизими 2022 йилги маданий пойтахти деб белгиланган Бурса шаҳрида бўлиб ўтган гала-концерт билан якунланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси