Қозоғистон пишлоғи Франциядаги танловда тақдим этилади

Қозоғистон пишлоғи Франциядаги танловда тақдим этилади

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган туя сутидан тайёрланган пишлоқ илк марта Франциядаги халқаро танлов доирасида намойиш қилинади. Сентябрь ойида Тур шаҳридаги анжуманда Манғистау вилояти тадбиркорларининг маҳсулоти тақдим этилади. Муаллифлар қаймоқ, ёғ ва майса мазасини берувчи бу маҳсулот устида бир ярим йил мобайнида иш олиб борган. Фермерлар бу турдаги пишлоқ олишнинг нозик томонларини ошкор қилмоқчи эмас. Ҳозир тегишли патент олиш учун ҳаракат қилиняпти.

Александра Григолова, пишлоқпаз уста:

Биз эчки ва туя сутидан қилинган 4 хил номдаги пишлоқларимизни тақдим этмоқчимиз. Қозоғистонлик муаллифлар маҳсулоти дунё пишлоқ усталари анжуманида намойиш қилинади. Унда деярли ҳамма давлатдан вакиллар қатнашади. Бу тадбирда қатнашиш биз учун фахр. Очиғи, жуда ҳаяжондамиз.

Пишлоқпаз Александра Григолова айтишича, бундай пишлоқлар дунёнинг деярли ҳеч қаерида ишлаб чиқарилмайди. Ҳатто араб давлатларида ҳам жуда кичик ҳажмда тайёрланади. Чунки туя сути пишлоқ учун яроқсиз саналади. Бироқ қозоғистонлик усталар Франциядаги кўргазмада қотиб қолган фикрлар нотўғрилигини исботламоқчи. Пишлоқпазлар халқаро гильдияси ижобий хулоса берса, манғистаулик тадбиркорлар кенг кўламда маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди. Улар ҳозирнинг ўзида пастеризацияланган эчки сути, йогуртлар, қатиқ, творог, қаймоқ ва пишиб етилиш даври турлича бўлган 12 турдаги пишлоқни бозор пештахталарига юборади.

Абдумалик Сарманов таржимаси