Каспий денгизи илмий-тадқиқот институти очилади

Қозоғистонда Каспий денгизини ўрганиш янада юқори даражада амалга оширилади. Бунинг учун махсус илмий-тадқиқот институти очилади. Давлат раҳбари топшириғига кўра, Сув захиралари ва ирригация вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини тайёрлади. Илмий ташкилот Каспийнинг экологик муаммоларини ўрганади.

Бўлат Бекнияз, ҚР Сув захиралари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари:
– Афсуски, бугунги кунда Каспий денгизи ҳудудида атроф-муҳит мониторинг қилинмайди. Мазкур институт ушбу муаммо билан шуғулланади. Энг аввало, илмий тадқиқот учун янги маълумотлар керак. Шунинг учун давлат мониторинги институт томонидан амалга оширилади. Тюленлар, балиқ захираларини сақлаб қолиш, Каспий денгизи акваториясининг ифлосланиши, нефть қазиб олувчи компаниялар фаолияти бўйича ҳам муаммолар бор.

Олимлар Каспий экотизимларидаги барча муаммоларни мониторинг қилади, денгиздаги аҳвол юзасидан объектив ва мустақил маълумотлар тақдим этади. Олинган маълумотлар давлат миқёсида чора-тадбирлар кўриш учун ишлатилади. Институтнинг яна бир йўналиши – Каспий соҳилларида бошқа давлатлардаги ҳамкасблар билан бирга ишлаш. Бу эса Каспийни сақлаб қолиш бўйича халқаро ва миллий мажбуриятларнинг тўлақонли бажарилиши учун имконият яратади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.