Буюк Дашт ёзма мероси – пойтахтда! Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий марказида кўргазма очилди, унда Туркистондан келтирилган 60 та ноёб экспонат намойиш қилинди. Қўл узатса етгулик масофадан томошабинлар «Ҳазрат Султон» Давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ходимлари йиллар давомида тўплаган нодир буюмларни кўриши мумкин. Бу ердан турли асрларга мансуб Қуръон қўлёзмаларигина эмас, Хожа Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний сингари машҳур мутафаккирларнинг 19-асрда кўчирилган асарлари ва бошқа кўплаб қимматли экспонатлар жой олган. Бундан ташқари, 37 та ёзма ёдгорлик, муқаддас Қуръон оятлари туширилган 15 та картина, курси, тасбеҳ ва шамчироқлар тақдим этилган. Икки муҳим сана – мамлакат Биринчи Президенти ҳамда Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган экспозиция 30 декабрга қадар бепул тартибда фаолият кўрсатади.
Ерсин Тажибаев, «Ҳазрат Султон» давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонаси директори:
- Биз «Буюк Дашт ёзма мероси» кўргазмасини намойиш қилиш учун атайлаб Туркистондан Нур-Султонга келдик. Шу мавзуда янада кўпроқ тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган. Пойтахтдаги экспозиция дастлабки қадам бўлди. Фондимизда 25 мингдан зиёд экспонат мавжуд, бу мамлакат учун ўта аҳамиятли бўлган музей.
Жандўс Бўлдиқов, Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази директори:
- «Ҳазрат Султон» музейида аслида жуда кўплаб дастлабки манбалар, асл нусхадаги китоблар, қўлёзмалар сақланади, улар сони 700 тача, камгина қисми бу ерга келтирилган, энг қимматбаҳолари, умид қиламанки, бу Нур-Султон шаҳри аҳолиси учун байрамга улкан совға бўлади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси