Нур-Султонда шаҳар бюджетидан 43 миллиард тенге тежалди. Марказий Коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда пойтахт ҳокими Алтай Кулгинов маблағ соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини молиялаштириш, иқтисодиёт реал соҳасини қўллаб-қувватлаш ва бошқаларга сарфланишини айтди.
АЛТАЙ КУЛГИНОВ, НУР-СУЛТОН ШАҲРИ ҲОКИМИ:
- Умуман олганда, пойтахт ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ижобий натижа бермоқда. Пандемияга қарамай, давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар туфайли йил якунига қадар асосий капиталга инвестиция 1 триллион тенгедан ортишини кутмоқдамиз. Таққослаш учун, 2019 йил давомида 900 миллиард тенгедан зиёд сармоя киритилган. Минтақада ишлаб чиқарилган ялпи маҳсулот ҳам ижобий томонга ўзгариши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, иқтисодиёт соҳалари ва инфратузилмаларни ривожлантиришга 25 миллиард тенгедан зиёд маблағ сарфланди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдамга қўшимча 10 ярим миллиард тенге берилди. Бундан ташқари, тиббиёт соҳасидаги ҳокимлик резерви учун салкам 6 миллиард тенге кўзда тутилган.