Президентлик лавозимига номзодларни илгари суриш жараёни старт олди. Марказий Сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, республика жамоат ташкилотлари номзодларни илгари суриши мумкин. Давлат раҳбари бўлишга талабгорлар 11 октябрь соат 18:00 гача ариза топшириши зарур. Номзодлар ҳужжат топширилганидан кейин беш кун ичида рўйхатга олинади. Давлат раҳбарлигига даъвогарлик қилиш учун номзод туғилганидан буён Қозоғистон фуқароси бўлган, сўнгги 15 йил ичида Қозоғистонда яшаган, олий маълумотли, камида 40 ёшга тўлган, камида 5 йил давлат хизматида ишлаган ва қозоқ тилини биладиган шахс бўлиши зарур. Таъкидлаш зарурки, номзодларнинг барчасига тарғибот ишларини олиб бориш учун бюджетдан тенг миқдорда молия ажратилади. Дастлабки ҳисобларга кўра, ушбу маблағ жами 10 миллион тенге.
Сабила Мустафина, Марказий сайлов комиссияси аъзоси:
- Давлат томонидан ажратилган маблағ мақсадга мувофиқ ишлатилиши назорат қилинади. Марказий сайлов комиссияси номзоднинг сайлов жамғармасига маблағ қандай тушаётгани ва сарфланаётганини ҳам кузатиб боради.
Абдумалик Сарманов таржимаси