Сеулдаги тадбирга жаҳоннинг 70 давлатидан 800 та туризм компанияси ташриф буюрган. Қозоғистон стендини Алмати вилоят ҳокимлиги тақдим этди. Ташкилотчилар таъкидлашича, тадбиркорлик дастуридан ташқари, одамлар эътиборини тортиш учун актёрлар, мусиқачилар жалб этилди, меҳмонларга миллий таомлар тарқатилди.
Айбар Теменов, Алмати вилояти туризм бошқармаси раҳбари:
– Бизнинг ҳисобимизга кўра, Қозоғистон стендига 40-50 минг одам келди. Бўғирсоқ, қурут, қази каби миллий ошхона маҳсулотлари кўргазмага келганлар кўнглидан жой олди. Улар мусиқачилар намойиш этган концерт дастурини олқишлади. Қозоқ миллий мусиқа асбоблари ҳам, қадимий ҳунармандчилик буюмлари ҳам ёқди. Бу йўналишда ишни давом эттириш ниятидамиз. Танилиш учун шундай тадбирларда қатнашамиз. Чунки ишимиз натижасини кўриб турибмиз. Июнь ойи бошида Жанубий Кореядан меҳмонлар келишини кутяпмиз. Туроператорлар учун июль ва август ойларида танишув сафарлари ташкил қилинади.
Таъкидлаш лозимки, ўтган йили Қозоғистонга Жанубий Кореядан 16 минг сайёҳ келган. Саёҳатчилар табиат, тарих, маданият билан, шунингдек, мамлакат миллий колорити билан танишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси