Дунёнинг 15 давлати санъаткорлари иштирокидаги 20 та концерт. Туркиянинг 10 та шаҳрида Наврўзга бағишланган шундай кенг кўламли байрам сайиллари бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчиси бу ишни анъанага айлантирган ТУРКСЎЙ халқаро ташкилотидир. Кўп асрлик анъаналарни сақлаб қолган ҳолда, туркий тилли давлатлар вакиллари яна бир бора илдизи асрлар қаърига бориб тақаладиган ушбу байрамнинг ўзига хослигини намойиш қилди. Наврўз – туркий халқлар бирдамлиги, ҳамфикрлиги ва дўстлигининг ёрқин рамзидир. Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафа Шентоп ТУРСКЎЙ вакиллари билан учрашувда шуни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мустафа Шентоп, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси:
- ТУРКСЎЙ халқаро ташкилоти ташаббуси билан Наврўз 2009 йилда ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. 2010 йилда эса БМТ қарори билан халқаро байрам мақомига эга бўлди. Мен ТУРКСЎЙни шундай ютуқ билан табриклашни ва ташкилот ишининг аҳамиятини таъкидлашни истардим. Наврўз бутун дунё халқлари ўртасида бирлик ва ҳамфикрликни мустаҳкамловчи байрамдир. Ва бу тантана бутун турк дунёси тарихида катта аҳамиятга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси