Ҳарбий хизматчилар сайловда овоз берди

Ҳарбий хизматчилар сайловда овоз берди

Тонгги 6 дан бошлаб ушбу сайлов участкасида Миллий гвардиянинг ёш ҳарбий хизматчилари фуқаролик бурчини бажаряпти – президент сайловида овоз беряпти. Уларнинг кўпчилиги мазкур конституциявий ҳуқуқидан илк марта фойдаланяпти. Мухбиримиз ҳикоя қилади.

- Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бугун одатдагидек эрта оёққа турди. Лекин улар сафланиш майдонига эмас, сайлов участкасига йўл олишди. Гвардиячилар фикрича, бу кун ўзгача сана. Чунки нафақат мамлакат бошлиғи, балки, Қозоғистон Қуролли кучлари Бош қўмондони сайланяпти.

226-сайлов участкасида биринчи бўлиб ўз бюллетенини қутига миллий гвардиячи Ахмет Айтқуан ташлади. Ёш аскарнинг таъкидлашича, жуда ҳаяжонланган, чунки у ушбу кунда биринчи марта овоз беряпти.

Ахмет Айткуан, «Улттиқ улан» миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси:

- Мен учун тарихий сониялар, умримда биринчи марта президент сайловида овоз беряпман. Участкада овоз берган биринчи ҳарбий хизматчи бўлдим. Бугун келажагимиз сари катта қадам қўйилди, деб ўйлайман. Ўзим истагандек танловни амалга оширдим!   

Ахмет билан бирга бир ярим мингдан зиёд гвардиячи овоз берди. Уларнинг ярми президент сайловларида илк марта қатнашаяпти. Ҳар бири тўғри танловни амалга оширганидан мамнун, зеро, қозоғистонликлар фаровонлиги ушбу танловга боғлиқ.

БЛИЦ:

- Мамлакат келажаги учун овоз бердим, тўғри танлаганимга ишонаман.

- Ўзим истаган одамга овоз бердимЁрқин келажагимизга ишонаман!

Бу участка тонгги 6 да очилди. Тушга яқин гвардиячиларнинг барчаси овоз бериб улгурди. Сирасини айтганда, 226-сайлов участкасида рўйхатга олинганларнинг учдан бир қисми бир соат ичида ҳуқуқидан фойдаланиб улгурди. Бундай тезкорлик тасодиф эмас. Гвардиячилар тезроқ вазифаларини бажаришга киришиши керак.

Айдарбек Жусипбеков,  Қозоғистон Республикаси миллий гвардияси 55-73 ҳарбий қисми командири ўринбосари:

- Чунки хизматимизнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Миллий Гвардия шахсий таркиби жамоат тартибини сақлаш учун хизмат қилади, турли ижтимоий-сиёсий тадбирлар ўтказилади.  Улар бугун овоз берибгина қолмай, жамоат тартибини сақлаш ишларида ҳам тўлақонли қатнашиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатда овоз бериш осойишта вазиятда ўтяпти. Сайлов участкаларида 20 мингдан зиёд полициячи навбатчилик қиляпти. 14 минг нафар ички ишлар ходимлари жамоат жойлари ва кўчаларда патруллик хизматини ўтаяпти. Видеокузатув кучайтирилган, дея таъкидлашди тегишли хизмат ходимлари.