Намат урфга кирмоқда. Бугунги кунда дунё бўйлаб ушбу экологик тоза ашёга қизиқиш тобора ортмоқда. Подиумларда наматдан тайёрланган ажойиб буюмлар катта эътибор қозоняпти. Мария Маркова жундан намат тайёрлашнинг оммалашган техникасини бир неча йил муқаддам ўзлаштирган. Махсус курсда таълим олди. Хобби сифатида бошлаган иши даромад ва шуҳрат келтирди.Модельерколлекциясида наматдан тайёрланган тақинчоқлар, пальто ва гиламлар бор. Бу ғаройиб ашё катта имкониятларга эга, уни турлича ишлатиш мумкин, дейди дизайнер.
Мария Маркова, намат буюмлар модельери:
- Мен ҳамиша ўзим истаганимдек ашё тайёрлашга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида бош қотирганман. Кейин ундан ўзингиз истаган турли буюмлар ясаш мумкин бўлади. Қизиқишим жуда кучли эди, биринчи ясаган нарсам – жажжи болалар учун бошмоқчалар бўлган. Менга материални қўлларимда ҳис этиш ёқарди. У ўзини қандай тутишини, қайишқоқлигини кўргим келар, яқиндан билишни истардим. Сўнгра бу жиҳатларнинг барчаси наматнинг қалинлиги ва қандай куч билан босилишига боғлиқлигини билганимда, жуда қувондим. Жуда кўп ғоялар туғилди. Охирида кийим-кечакка ўтдим.
Дизайнер фикрича, намат буюмлар Қозоғистоннинг ташриф қоғози ва брендига айланиши мумкин. Чунки сифатли маҳсулот мамлакатимизда ҳам, жаҳонда ҳам ҳамиша харидоргир. У ҳатто машҳур брендлар билан муваффақиятли рақобатлашиши, сиқиб чиқариши мумкин.
Мария Маркова, намат буюмлар модельери:
- Намат – бренд. Чунки унинг замирида кўп асрлик маҳорат ётибди. Мазкур санъат қайта тикланаётганидан жуда мамнунман. Ажойиб. Бундай манбаларга қайтиш, унга қўлда ишлов бериш зарур. Бу нарса жуда муҳим.
Дизайнер фикрича, қадимий қозоқ анъаналарини тиклаш билан бирга технологияларни такомиллаштириш ва мавжуд билим-малакаларни янги авлодга қолдириш ўта аҳамиятли.
Абдумалик Сарманов таржимаси