Қозоғистонлик олим ишланмалари дунёни забт этяпти

Қозоғистонлик олим ишланмалари дунёни забт этяпти

Биолокация ускунаси, Брайль шрифти тренажёри, экзоскелет ва моноласта - «фиш локамоушн». Қозоғистонлик олим Ғалимжан Ғабдрешовнинг ноёб ечим ва кашфиётлари Европанинг энг машҳур инновациялари қаторига кирди, БМТнинг учта мукофотига номзод этиб кўрсатилди. Муаллиф лойиҳалари нимаси билан муҳим? Ҳамкасбимиз Айгерим Акимжанова ҳикоя қилади.

Sezual жамоат бирлашмаси асосчиси Ғалимжан Ғабдрешовнинг кўп ишланмалари кўзи ожизлар ҳаётини осонлаштириш, уларни жамиятга мослаштириш билан боғлиқ. Ишланмалар орасида Биолокация ускунаси, Брайль шрифти тренажёри ҳам бор. Беш йил аввал олимнинг кўзи жароҳатланди. Кўз нурини қайтаришга муваффақ бўлинди, лекин шифокорлар дард исталган вақтда қайталаниши мумкинлигини айтган. Шунда кашфиётчи ўзига ва кўплаб беморларга ёрдам бериши мумкин бўлган ёрдамчи воситалар устида ишлай бошлади. Шулардан бири – биолокатор. Кўзи ожизлар унинг ёрдамида маконда бемалол ҳаракатлана олади. Саёҳат қилиши, ишлаши, ҳатто велосипедда юриши мумкин.

Ғалимжан Ғабдрешов, кашфиётчи олим, фан номзоди:

- Инсон мияси атрофдаги нарсаларни тунги жонзотлар каби илғаш қобилиятига эгалигини кўпчилик билмайди. Яъни товушлар ёрдамида тасаввур шаклланади. Худди нур таъсирида тасвирни кўргандек ҳолат юз беради. Биз овоз асосида ишловчи фонарча яратдик, миянинг кўриш маркази сигналларни ўқишига эришдик. Бу эса жуда яхши натижаларга олиб келди.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Ногиронлар учун инновациялар Европа кенгаши қарорига мувофиқ, Sezual  биолокатори кўришнинг ўрнини тўла боса оладиган кашфиётлар қаторига киритилди ва кўрларга кўриш имконини берувчи ноу-хау сифатида тан олинди. Ҳозир ускуна тадқиқот ва ишланма босқичидан тижорат даражасига олиб чиқиляпти. Ускуна хорижликларни ҳам қизиқтириб қўйди, америкалик олимлар ҳам у билан ишлаш ниятида. Ғалимжан Ғабдрешовнинг яна бир кашфиёти – «фиш локамоушн» деб аталган моноласт. У сузувчилар тўлқинсимон ҳаракатлар қилишига имкон беради. Натижада остеохондроз, сколиоз, умуртқа ораси дисклари протрузияси ва бошқа кўплаб касалликларни даволаш, организмни яшартиришда ёрдам беради. Ғалимжан ҳозирча синовларни ўзида ўтказмоқда.

Асқар Баймағамбетов, реабилитация маркази бош врачи:

- Биз бўғимлардаги ҳаракат амплитудаси бўйича бирламчи маълумотларни тўпладик. Дастлабки тадқиқотлар ижобий натижа беряпти. Динамика жуда яхши. Ҳатто вазн пасайиши кузатилди. Висцерал ёғ ҳажми камайди, қоннинг биокимёвий таҳлили яхшиланди. Жарроҳлик йўли билан бартараф этилмайдиган 20 дан зиёд умуртқа касаллигини тузатиш мумкин.

Олим ўз олдига қўйган яна бир вазифа – имконияти чекланганлар учун экотизим яратиш. Унинг кашфиётлари дунё миқёсида эътироф топяпти. Хорижий компаниялар кўп марта олим ишланмаларини харид қилиш таклифини билдирган. Бироқ Ғалимжан муаллифликдан воз кечмоқчи эмас. Шу тариқа у ватани номини дунёга танитиш ниятида. Фақат давлат ёрдамини олиши, инвестиция жалб этиб, конвейерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.