Қозоқ тилидаги «Муфаса. Қирол шер» аудиторияни эгаллаяпти. Disney студиясининг
навбатдаги фильми – давлат тилига
таржима қилинган учинчи лойиҳа. Саргузашт лентага мамлакат ичидаги театр ва кино актёрлари овоз берган. Вокал партияларда ҳам қозоғистонлик ижрочилар қатнашди. Ерасил Мухамадиев уч йилдан буён дубляж соҳасида ишлаяпти. У бош қаҳрамонга овоз берди.
Ерасил Мухамадиев, актёр:
– Муфаса дубляжи учун тасдиқдан
ўтганимни билдиришганида жуда қувондим. Агар адашмаган бўлсам, «қирол шер»нинг биринчи қисми 2019 йилда прокатга чиқди. У бадиий фильм кўринишида эди. Муҳитни ҳис қилиш, персонажнинг мулоқот усулини тушуниш
учун фильмни қайта кўриб чиқдим. Балки шунинг учун ҳам қаҳрамонга овоз бериш мен учун
қийинчилик туғдирмагандир.
Аввалроқ «Бошқотирма-2» ва «Моана-2» мультфильмлари таржима қилинган ва катта экранга
чиқарилган эди. Картиналар Қозоғистон прокатида миллионлаб даромад келтирди ва рекорд даражада томошабин тўплади. Анимация ленталари дубляжи режиссёри Шаҳ-Мурат Ўрдабаев таъкидлашича, энди томошабинлар қозоқ тилида сифатли контент томоша қила олади.
Шаҳ-Мурат Ўрдабаев, дубляж режиссёри:
– Энг катта
кўрсаткичлардан бири – томошабин талаби. Агар у учун қизиқарли бўлса, демак бизнинг меҳнатимиз беҳуда кетмади, ишни давом
эттиришимиз зарур. Бугунги кунда қозоқ тили бу фильмлар расмий дубляж қилинаётган 39-тил бўлди.
Эслатамиз, жорий йилдан Голливуд студиялари болалар ва катталарга мўлжалланган блокбастерларини қозоқ тилига ўз
ҳисобидан таржима қила бошлади. Барча картиналар томошабинлар орасида оммалашиб кетди. 2011 йилдан буён йирик халқаро студияларнинг бир қанча йирик лойиҳалари қозоқ тилига
дубляж қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

