Астана муҳитини ривожлантириш учун 29 лойиҳа саралаб олинди

Астана муҳитини ривожлантириш учун 29 лойиҳа саралаб олинди

Сунъий интеллект, Smart City ва рақамли технологияларга асосланган ечимлар. Ушбу йўналишларда тақдим этилган 350 та таклифдан 29 та лойиҳа «Astana Innovations Accelerator» дастури учун танлаб олинди. «Alem.AI» марказида бўлиб ўтган «Opening Day»да шаҳар ҳаётини қулайлаштиришга қаратилган энг яхши стартаплар кўриб чиқилди. Бу акселератор сунъий интеллектни шаҳар муҳитига интеграция қилиш майдонига айланди.

Айбек Ахметбеков, «Astana Smart City» Лойиҳаси бошқарувчи директори:

- «Астана Хаб» билан бирга дастурнинг учинчи босқичини ўтказмоқдамиз. Ўтган йиллардаги акселераторларнинг натижаларини таҳлил қиляпмиз. Улар пилот тартибида ҳам, тўлақонли тизим сифатида ҳам жорий этиляпти. Масалан, кўчалардаги ёритиш устунларини ақлли бошқаришга қаратилган лойиҳа рўёбга чиқди, тегишли туман ҳокимлиги зарур ишлар бажарди, ҳозир лойиҳанинг дастлабки натижаларини кўряпмиз. Туман ҳудудида анча электр энергияси тежалди.

«Opening Day» Қозоғистон инновациявий экотизими вакилларини жамлади. Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги стартапларни халқаро даражага олиб чиқишда ёрдам беришини маълум қилди. Астана шаҳар ҳокимлиги эса янги дастурлар ва мавжуд "ақлли шаҳар" технологияларини уйғунлаштирадиган «Astana.kz» порталини ишга туширди.

Алишер Батирбеков, «Астана Innovations» ҲЖ Стратегик ривожланиш ва инновациялар департаменти директори:

- Коммунал тўловлар, шахсий ҳисобларни назорат қилиш, фарзандларни мактабга рўйхатдан ўтказиш каби илгари тарқоқ бўлган барча ахборот тизимлари ягона «Astana.kz» порталида жамланади. Портал кўп тилли бўлгани сабабли, пойтахт меҳмонларига шаҳар, истироҳат жойлари, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида маълумот олиш имкони яратилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси