Мирас Сейлхан жаҳоннинг 34 университетига ўқишга кирди

Мирас Сейлхан жаҳоннинг 34 университетига ўқишга кирди

Чимкентлик ўқувчи Мирас Сейлхан бирваракайига жаҳоннинг 34 та университетига ўқишга кирди. Улардан бир нечтаси таълим учун барча харажатларни ўз зиммасига олишга тайёр. Бўлажак талаба иқтисод ва молияни ўрганиш ниятида.  Ҳозир педагоглар таклифлар ичидан энг мақбулини танлаб олишига ёрдам бермоқда. Битирувчини Америка, Британия, Италия ва Австралия олий таълим даргоҳлари таклиф қиляпти. Мирас эса ўзи учун таълим сифати муҳимлигини таъкидлайди. Мукаммал билим олгач, Қозоғистоннинг ривожланишига ҳисса қўшиш ниятида. Ўқишни тугатгач, қайтиб келишни режалаштирган. Ўқувчи тайёргарликни 7-синфдан бошлаган.

Мирас Сейлхан, "Билим-Инновация" лицейи ўқувчиси:

- Энг муҳими – «Тайм менежмент", шахсий вақтни тўғри тақсимлай олишдан иборат. Ҳамма нарсани олдиндан режалаштириш, тайёрланиш керак. Имкон қадар эрта касб танлаш муҳим. Атрофингиздаги одамлар қандайлигига эътибор бериш керак. Мен ўқиган лицейда халқаро таълим даргоҳларида дарс олган талабалар кўп. Улар намунаси менга рағбат берди. 

Дукат Қабилқаев, касбга йўналтирувчи:

- Ўқувчиларнинг кўпчилиги хорижда таълим олишни ният қилган,  уларда ҳаракат яхши. Таълимни ўзлари учун ортиқча юк деб қабул қилмайди. Бўш вақтини билим олиш учун сарфлайди. Шу жумладан, Мирас эришган ютуқлар ҳам дарсдаги ва дарсдан ташқари машғулотлар ҳосиласи. У каби ўқувчиларимиз кам эмас.    

Ҳозир Мирас Сейлхан ўз лицейи президенти ва кўплаб волонтёрлик лойиҳалари асосчиси. Бўш вақтида дебатлар ва спорт билан шуғулланади. Устозлари таъкидлашича, Мирас таҳлил қилишга мойил. Лекин йигитча ўзини иқтидорли деб ҳисобламайди. Унинг фикрича, фақат қунт билан шуғулланиш оқибатида муваффақиятга эришган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.