Қозоғистон Миллий музейида «Итальян ренессанси – абадий гўзаллик» рақамли иммерсив кўргазмаси очилади. Тадбир маданият соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Италия элчихонаси томонидан ташкил қилинди. Жами 28 картина рақамлаштирилди ва ягона интерфаол экспозицияга жамланди. У томошабинни Италия гуллаб-яшнаган даврга етаклайди. Таъкидлаш лозимки, аввалроқ кўргазма намойиш қилинган Рим, Генуя, Тайбэй ва Сингапур шаҳарлари аҳли Уйғониш даври санъатининг ғаройиб ва бетакрор дунёсига саёҳат қилганди.
Абай Сатубалдин, Қозоғистон Республикаси миллий музейи директор ўринбосари:
- Кўргазма устида бир йилдан зиёд меҳнат қилдик, хорижлик ҳамкасбларимиз билан бирга кўргазма концепцияси, унинг ғояси бўйича фикрлашдик. Бугунги кунда замонавий рақамли технологиялар Қозоғистонда турган ҳолда ўта ноёб дурдоналарни томоша қилиш имкониятини беради. Кўргазма жами 15 дақиқа давом этади. Менимча, музей, жумладан, миллий музей томошабин илҳом олиши, бой маънавий маданиятдан баҳраманд бўлиши учун турли санъатларни кўрсатиши зарур. Миллий санъат, хорижий санъатни ҳам.
Марко Альберти, Италиянинг Қозоғистондаги элчиси:
- Қозоғистондаги санъат шинавандаларига Уйғониш давридаги Италия тарихини, маданиятини намойиш этишни истадик. Замонавий технологиялар ёрдамида ўтмишга йўл олиш, буюк рассомлар яшаган, ижод қилган давр одамлари ҳиссиётларини қайта юракдан ўтказиш имконияти туғилганидан мамнунмиз. Кўргазма 15 дақиқа давом этади, у ролик шаклида тайёрланган. Шинавандалар 28 апрелдан бошлаб ташриф буюриши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси