Қозоғистон Миллий музейида Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида «Менинг Қозоғистоним» маданий-таълимий ва экспозиция маркази очилди. Унда пойтахт болалари тарих, маданият ва миллий анъаналар, тасвирий санъат ва декоратив-амалий санъат билан танишади. Музейнинг педагогика ва болалар ижоди бўлими етакчиси Гаухар Садибай таъкидлашича, лойиҳа муҳокамасига 3-4 йил, уни мухлислар учун тайёрлашга 6 ой вақт сарфланди.
Гаухар Садибай, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи педагогика ва болалар ижоди бўлими бошлиғи:
- Мазкур марказни очишдан мақсад – болаларнинг тарихга қизиқишини оширишдан иборат. У 10 та турли зонадан иборат. Жумладан, Қозоғистон тарихи, географияси, миллий ўйинлар, табиат, кутубхона қисмлари бор. Марказ ўйин ва ахборот зоналари билан таъминланган. Бизда республиканинг, Буюк Ипак йўлининг интерфаол харитаси, монитор ва электрон киоск бор.
Таъкидлаш лозимки, марказда 3-15 ёшдаги болалар шуғулланиши мумкин. Карантин чекловлари сабабли у ҳозирча фақат 20 одамни жамлай олади. Ташкилотчилар таъкидлашича, эпидемиологик вазият яхшилангач, шуғулланувчилар сони кўпаяди.
Абдумалик Сарманов таржимаси