Қозоғистонда тиббий реабилитация инфратузилмалари кенгайиб боряпти. Ҳозирги кунда бундай масканлар сони 838 тага етди. Уларни молиялаштириш 5 йилда 13 марта ошди. Ўтган йилнинг ўзида 208 минг нафардан зиёд фуқарога соғломлаштириш хизмати кўрсатилди. Бугунги кунда «Овулда соғлиқни сақлаш тизимни янгилаш» миллий режаси рўёбга чиқариляпти. Унинг доирасида қишлоқларда 655 та тиббий иншоот қурилади. Болаларни мактаблар билан таъминлаш масаласи ҳам Ҳукумат эътиборида. Бош вазир ўринбосари Тамара Дүйсенова Мажилис депутатларини ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
Тамара Дүйсенова, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси доирасида 369 таълим даргоҳи бунёд этилади. Ноқонуний ўзлаштирилган маблағни қайтариш ҳисобига ўтган йили яна 36 мактаб қурилганди. Бу йил бундай йўл билан 25 та янги илм даргоҳи бунёд этилади. «Овул эл бешиги» дастури ва маҳаллий бюджет ҳисобидан ўтган йили 7 та мактаб фойдаланишга топширилса, жорий йилда яна 6 мактаб қурилади. 2 йил давомида барча манбаларда мана шундай иншоотлар учун 2,4 триллион тенге ажратилди.
Айни вақтда, Тамара Дуйсенова Қозоғистон аҳлини сифатли интернет алоқаси билан таъминлаш масаласини тилга олди. 5G уяли алоқа тизимини жорий этиш Астана, Алмати, Чимкент шаҳарлари ва вилоят марказларида 2025 йил охиригача якунланади. Ҳозирча 20 шаҳарда мингтадан зиёд базавий станция ўрнатилган. Шунингдек, овулларга интернет етказиш миллий режада кўзда тутилган.
Тамара Дүйсенова, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- Давлат-хусусий бизнес ҳамкорлиги механизмидан орқали 3 минг 10 та овулга оптиктолалар орқали интернет етказиб берилади. Натижада, 2,4 миллион нафар фуқаро тармоққа боғлана олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.