Қозоғистон ва Индонезия ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Қозоғистон ва Индонезия ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Индонезия Қозоғистондан литий ва кобальт харид қилади. Ушбу мамлакат электромобиль ва аккумуляторлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида. Индонезиянинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Фажрул Раҳмон бу давлат ноёб ер металлари харид қилиш истагини билдирди. Silk Way телеканалига берган эксклюзив интервьюсида дипломат Қозоғистон  мазкур мамлакатга ҳозир асосан ферроқотишмалар экспорт қилаётганини кўрсатиб ўтди. Махсус тузиладиган икки томонлама шартнома тоғ-кон саноатининг бошқа маҳсулотларини ҳам етказиб бериш имкониятини яратади.

Муҳаммад Фажрул Раҳмон, Индонезиянинг Қозоғистондаги элчиси:
- Ўтган ойда Индонезия делегацияси Қозоғистонга келди, унинг таркибида Энергетика вазирлиги вакиллари ва мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор тадбиркорлар бор эди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Яқин келажакда ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама меморандум имзоланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Қозоғистон  ва Индонезиянинг туризм соҳасида ҳамкорлик имкониятлари кўп. Томонлар келгуси йилда бу йўналишда муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида меморандум имзолаш ниятида.  Жаҳондаги энг йирик архепелагга Қозоғистондан йилига 15 минг нафар турист бориши кутиляпти. Мамлакатимиз 5 минг нафар индонезияликка хизмат кўрсатиш ниятида. Йирик шаҳарлар ўртасида бевосита авиаалоқа ва ўзаро визасиз кириш-чиқиш тартиби ўрнатилади.

 Муҳаммад Фажрул Раҳмон, Индонезиянинг Қозоғистондаги элчиси:
- Мамлакатларимиз ўртасида авиаалоқа ўрнатилиши туризм соҳасига ҳам, икки давлат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.  Индонезия Қозоғистонга мебель, газмоллар, балиқ маҳсулотлари юбориши, мамлакатингиз ҳам Индонезияга жўнатаётган товар ҳажмини ошириши мумкин. Натижада, ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард долларга етиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йили ўзаро товар алмашинуви 700 миллион долларни ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.