Жаҳон бозорларига йўл

Алматида Қозоғистон молиячиларининг 11-конгресси бўлиб ўтди. Тадбир тенге қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган. Унда МДҲ ва хорижий давлатлардаги марказий банклар ҳамда молиявий институтлар раҳбарлари жам бўлди. Миллий тўлов корпорацияси раиси Бинур Жаленов тантанали равишда рақамли тенге платформасини пилот тартибида ишга туширди. Бу – тарихий лаҳза.

Айнур Кенжаева, “Рақамли тенге” лойиҳаси раҳбари:
- Масалан, жорий йилда биз рақамли ваучерларни ишга туширдик. Яъни ўқувчилар ошхонада, шартли айтганда, ОНАЙ карталари орқали харид қилса бўлади – бу бизнинг ҳамкор. Афзаллиги нимада? Шартли равишда, ўқувчи картани терминалга қўйганида, махсус ишланган смарт-контракт, яъни триггер пайдо бўлади. У автоматик тарзда бюджетдаги маблағни ҳокимият ҳамёнига ўтказади. Яъни бунда ҳеч қандай ҳисобчи, қандайдир воситачи, ҳисоб-китоб маркази керак бўлмайди. Ушбу триггер сигнал беради. Бу митти дастур, ақлли контракт, ҳаммасини ўтказади.

Технология нуқтаи назаридан, бунда блокчейн тизимидан фойдаланилади. Айни шу нарса рақамли миллий валютани ақллироқ қилишга имкон беради. Энди одамнинг ўзи ҳар битта рақамли Тенгени аниқ бир вазифага дастурлаштира олади.

Бинур Жаленов, Қозоғистон Республикаси Миллий банки “Миллий тўлов корпорацияси” АЖ бошқарув раиси:
- Тасввур қилинг, сиз ота-онасиз, фарзандингизга 10 минг тенге бера оласиз, бироқ у сигарет ёки алкоголли вино сотиб олишини истамайсиз. Бунда сизга рақамли Тенге ёрдам беради. Тасаввур қилайлик, бирор бир давлат органи ўзи берадиган кўмакни аниқ манзилига етказишни, шаффофликни таъминлашни хоҳлайди, рақамли пуллар бунда ҳам айни муддао бўлади.

Бундан ташқари, бугун молиячилар конгрессида миллий валюта банкноталарининг янги туркуми тақдим этилди. Туркум «сак услуби»га асосланган ва номадларнинг ўзига хос маданияти, замонавий Қозоғистон миллий меросини ифодалайди.

Санжар Нурқасимов, Қозоғистон Республикаси Миллий банки банкноталар ва тангалар бошқармаси бош дизайнери:
- Бу элементлар жуда ёрқин, шу боис, Миллий банк уларни пул юзасига туширишга, буни барча қозоғистонликлар бойлигига айлантиришга қарор қилди.

Конгресс ўз майдончасида 300 дан ошиқ иштирокчини тўплади. Молиявий ҳамжамият вакиллари Қозоғистонда амалдаги шароитда пул-кредит, макроиқтисодий барқарорлик ва фискал интизом масалаларини, шунингдек, молиявий секторнинг кибербардошлилиги, молия бозорларидаги глобал ўзгаришларда инновациялар роли мавзуларини муҳокама қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.