Мажилис уч йиллик бюджетни қабул қилди

Мажилис уч йиллик бюджетни қабул қилди

2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,6 фоизга ўсиши кутиляпти. Республика бюджети даромади салкам уч триллион тенгега ошади ва 15,5 триллион тенгега етади. Иқтисоднинг ривожланиш суръати ошиши ва солиқларни бошқариш яхшиланиши, соядаги иқтисод улуши қисқариши ҳисобига бунга эришилади. Мажилисда уч йиллик республика бюджети қабулланаркан, Молия вазири шундай баёнот берди. Мади Тақиевнинг таъкидлашича, ижтимоий соҳаларга катта эътибор берилади. Келгуси йилда бунинг учун салкам 10 триллион тенге ажратилади. Бу эса барча харажатларнинг учдан бир қисмидан кўп. Минтақаларга 7,5 триллион тенге йўлланади. Иқтисоднинг реал секторига 2 триллион  тенге берилади.

Мади Тақиев, Қозоғистон Республикаси Молия вазири:

- Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, агросаноат мажмуасини кучайтириш кўзда тутилган. 2025 йилда бу йўналишда жорий йилдагидан 30 фоиз кўп маблағ - 635 миллиард тенге сарфланади. Транспорт соҳасига 2025 йилда 568 миллиард тенге ажратилади, шу жумладан, автойўллар учун 423 миллиард тенге сарфланади. Сув захираларини самарали бошқариш учун 137 миллиард тенге ажратилиши кўзланган. Бу эса жорий йилдагидан 51 миллиард тенге ёки 59 фоиз кўп дегани.

Мажилис 2025-2027 йиллар учун кафолатланган трансферт ҳақида қонун қабул қилди

Шунингдек, Мажилис Миллий жамғармадан ҳар йили икки триллион тенге олиниши бўйича таклифни маъқуллади ва 2025-2027 йиллар учун тегишли қонун қабул қилди. Вазирлар маҳкамаси ушбу қадам республика бюджети мувозанати учун зарурлигини таъкидлади.

Нурлан Байбазаров, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:

- Кафолатланган трансферт ҳажми бюджет қоидаларига кўра белгиланади. Қонун лойиҳасига кўра, 2025 йилда нефть нархи баррелига 42,3 доллар бўлганида, 2026-2027 йилларда баррелига 41-39,4 доллар бўлганида чегирма бекор қилинади. 2025-2027 йилларда кафолатланган трансферт 2 триллион тенгедан қилиб белгиланди.

Абдумалик Сарманов таржимаси