Қозоғистон  Фаластинга гуманитар ёрдам жўнатади

Қозоғистон Фаластин халқига 1 миллион доллар қийматга эга гуманитар ёрдам юборди. Мамлакат ҳукумати бу маблағни БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига ўтказиб берди. Бўлиб ўтган брифингда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров ушбу қарор Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга тегишли эканлигини таъкидлади. Бу Давлат раҳбари томонидан Туркий давлатлар ташкилоти 10-саммитида маълум қилинганди.

Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
- Таъкидлаш лозимки, мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши – инсонпарварлик фаолияти ҳисобланади. Қозоғистон тинчликсевар сиёсат юритади, адолат тамойилларига риоя этади. Ҳамиша оғир гуманитар вазиятга тушиб қолган давлатларга ёрдам қўлини чўзиб келган.

Ташқи ишлар вазирлигида маълум қилишларича, ҳозир Ғазо секторида 76 та қозоғистонлик, оила аъзолари билан ҳисоблаганда 161 та юртдошимиз бор.  Қоҳирадаги элчилик уларни олиб чиқиш мақсадида Миср ҳукумати билан мунтазам музокара юритяпти.  Дипломатлар улар имкон қадар тез эвакуация қилиниши учун ҳамма чора-тадбирларни кўряпти, дея таъкидлашди Ташқи ишлар вазирлигида.

Абдумалик Сарманов таржимаси