Қозоғистондаги автобус ва такси парклари ногиронларни ташишга мўлжалланган транспорт харид қилишга мажбур бўлади. Эндиликда мавжуд 10 та автомашина ёнида камида битта инвотакси бўлиши шарт. Имкониятлари чекланган шахслар турмуш сифатини яхшилашга қаратилган янги қонун лойиҳасида ана шундай меъёрлар белгиланган. Жами 75 та қонунчилик ҳужжатига қўшимча киритилади. Шунингдек, учинчи гуруҳ ногиронлари нотариал хизматлар учун ҳақ тўламайди, санаторийларда даволанаётганида уларга ҳамроҳлик қилган шахслар йўлланма олишга сарфлаган харажатнинг 70 фоизи давлат ҳисобидан қопланади.
Елнур Бейсенбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Депутати:
- Қозоғистонда фақат учта минатқа – Нур-Султон, Павлодар ва Қарағандида ногирон фарзандига ҳамроҳлик қилган ота-онага маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилади. Бу қонун лойиҳасини рўёбга чиқариш учун 5,9 миллиард тенге керак. Шундан 5 миллиард тенгеси болаларини олиб борган одамлар учун ажратилади. Уларнинг яшаши, бошқа турли харажатлари республика бюджети ҳисобидан қопланади.
Дастлабки ҳисобларга кўра, уч йил давомида ота-онаси ёки қонуний вакиллари билан камида 62 минг бола санатория-курорт даволанишига боради. Елнур Бейсенбаев таъкидлашича, Қозоғистонда аниқ кўриниб турган касалликлар бўйича ҳар йилги такрорий кўрикдан ўтказиш талаби бекор қилинади.
Елнур Бейсенбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Депутати:
- Тиббий диагнози қўйилган қатор касалликлар бўйича биз сиртдан кўрикдан ўтказиш бўйича қўшимча киритдик. Ҳозир бундай касалликлар рўйхатида 12 таси бор. Президент топшириғига кўра, бу иш ярим йилдан буён амалга ошириляпти. Биз уни қонунчилик даражасида тасдиқладик. Бундай касаллик турлари сонини кенгайтириш мумкин, бу иш меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.
Парламент қуйи палатаси депутатлари қонунни биринчи ўқишда тасдиқлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.