Қозоғистонда геологик разведка ишлари енгиллашади. Мажилис янги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Унга кўра углеводородларни разведка қилиш ҳамда қазиб олишга боғлиқ лойиҳаларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга мўлжалланган. Шунингдек, асосий лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилиш жараёни такомиллаштирилади. Шу билан бирга, мамлакатда ер ости бойликларидан фойдаланиш масаласида ҳам сармоячиларнинг харажатларини камайтириш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат Парламент депутатлари ташаббусига кўра тайёрланди.
Дуйсенбай Турғанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти мажилиси депутати:
- Шу билан бирга янги қонун ер ости бойликларидан фойдаланишда тегишли
жараёнларни амалга ошириш шартларини енгиллатади. Натижада, компаниялар
геологик разведка ишларига жадал кириша олади. Иккинчидан, давлат органларига
тегишли расмиятлар муддати 120 кундан 50 кунгача қисқаради, учинчидан,
экспертиза муддати 8-12 ойгача камайиши мумкин. Бу эса инвестициявий
жозибадорликни оширади.
Қозоғистонда янги экспортни кредитлаш агентлиги ташкил қилинади
Парламентнинг қуйи палатасида мамлакат экспортини ривожлантиришга боғлиқ қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Унинг доирасида замонавий экспортни кредитлаш агентлиги ташкил этилиши кутилмоқда. Бунда Венгрия, Россия, Австралия ва Ҳиндистон каби мамлакатлар тажрибасидан фойдаланилди. Янги ташкилот экспорт амалиётларини суғурталаш, қайта суғурталаш, кафолатлаш ва молиялаштириш ишларини амалга оширади.
Қайрат Тўребаев, Қозоғистон Республикаси
Савдо ва интеграция вазири вазифасини бажарувчи:
- Яъни бошқа компанияларнинг функцияларини такрорламайдиган вазифалар унинг
зиммасига юкланади. Унинг фаолиятидан юқори натижалар кутилади. 2025 йилгача
нохомашё товарлари экспортининг кўлами 41 миллиард АҚШ долларигача оширилиши
кўзда тутилган «Қозоғистонликлар фаровонлигини оширишга йўналтирилган барқарор
иқтисодий ўсиш» миллий лойиҳасининг индикаторига эришиш зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси.