Қозоғистон ва Хитой ҳамкорлиги кенгаяди

Келгуси йилда Шанхай импорт кўргазмасига Қозоғистон  мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган барча товарларни олиб боради. Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев маълум қилишича, 2024 йилда Қозоғистон экспозицияси беш марта катта бўлади. Таъкидлаш лозимки, бу йил ЭКСПОга республикамиздан 200 дан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қатнашди. Хитойлик истеъмолчиларга Қозоғистон сут ва қандолат маҳсулотлари маъқул келди. Экспертлар таъкидлашича, Хитойга очилган «дарча» ўзаро товар айланмаси ошишига хизмат қилади. Жорий йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 21 миллиард долларни ташкил қилди. Лекин бу сўнгги марра эмас.

Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
– Йил охирига бориб биз ўзаро маҳсулот алмашишда навбатдаги рекорд натижага эришамиз, деб ўйлайман. Давлат ўзаро алоқаларнинг бундай кенгайишидан манфаатдор. Давлат раҳбарлари олдимизга қўйган 40 миллиард долларлик маррага тез орада етишимиз учун барча имкониятлар борлиги яққол кўриняпти. Кўргазма хитойлик дўстларимизни Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот билан таништириш  имконияти. У экологик тоза. Биз ҳамиша Қозоғистондан келадиган озиқ-овқат маҳсулотлари органик маҳсулот эканлигини таъкидлаймиз.

Хитой билан визасиз кириш-чичиқш тартиби янги имкониятларга йўл очади.

Қозоғистон ва Хитой ўртасида визасиз тартиб жорий этилиши савдо алоқаларининг кенгайишига олиб келади. 10 ноябрдан кучга кирган виза тартибини соддалаштириш тўғрисида шартнома икки давлат раҳбарлари томонидан Сианда ўтказилган саммитда имзоланганди. Экспертлар фикрича, бу Осмон остидан келаётган туристлар оқими кенгайишига сабаб бўлади. eQonaq тизими берган маълумотга кўра, йил бошидан буён 85 минг хитойлик фуқаро келган. 2024 йилда саёҳатчилар сони анча ортиши кутиляпти. Осмон ости мамлакатида Қозоғистон туризми йили ўтказилади. Бу эса икки томонлама алоқаларни янги даражага олиб чиқиши шубҳасиз.

Қайрат Садвақасов, «Kazakh Tourism» миллий компанияси раҳбари вазифасини бажарувчи:
- Ўзингизга маълум, 2024 йил Хитойда Қозоғистон туризми йили, деб эълон қилинди. Йил охиригача икки давлат бирга ўтказадиган тадбирлар рўйхатини тузамиз. Уларда ҳар икки мамлакат етакчилари ҳам иштирок этишига умид қиламиз. Тегишлича, шундай юксак даражада ташкил қилинган тадбирлар хитойлик саёҳатчилар эътиборин  тортади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.