Анқарада бўлиб ўтган халқаро амалий санъат кўргазмасида қозоғистонлик усталарнинг 300 дан зиёд қўл меҳнати намуналари тақдим этилди. Тадбир Қозоғистоннинг Туркиядаги элчиси рафиқаси ташкил этган клуб аъзолари томонидан ўтказилди.
Гулбану Сирғабаева айтишича, экспозицияга қўйилган қўл меҳнати намуналари сўнгги 4 йил давомида яратилган. Ипак иплардан тўқилган картиналар, табиий тошлардан тайёрланган тақинчоқлар, туркона услубда тикилган либослар намойиш этилди. Ташкилотчилар фикрича, санъат воситасида миллий анъаналарнинг ўзига хосликларини кўрсатиш ва жаҳонга танитиш мумкин. Амалий ижод туфайли қозоқ халқи маданияти Туркияга таниляпти, қозоғистонликлар эса бошқа халқлар урф-одатлари тўғрисида кўпроқ нарса билиб олмоқда.
Румейса Дўған, Анқара шаҳридан:
- Клуб иштирокчилари жуда мураккаб бўлган турк каштачилигини ўзлаштирибгина қолмай, олий даражада муҳташам нарсалар яратган. Бу иш сабр ва меҳнат талаб қилади. Клуб аъзоларининг ютуқлари билан фахрланаман ва завқланаман. Пандемияга қарамай, бундай ҳамкорлик барчамизга яхши кайфият олиб келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси