Машҳур компания қозоғистонлик ихтирочи ишига қизиқмоқда

Машҳур компания қозоғистонлик ихтирочи ишига қизиқмоқда

Қозоғистонда кўзи ожиз одамлар учун махсус клавиатурали принтер яратилди. Тарозлик ўқувчи Мақпал Бердибекнинг бу ишланмаси Брайль шрифти билан ишлайди ва давлат тилида маълумот киритиш имкониятига эга. Бу жараён компьютердан принтерга белгиларни чоп этишга буйруқ бериш шаклида амалга оширилади. Ва бу буйруқни рақамли шаклда ишлаб чиқилган овозли ёрдамчи такрорлайди.

МАҚПАЛ БЕРДИБЕК, КАШФИЁТЧИ:

– Бундай принтер бозорда 4 миллион тенге туради, жуда қиммат, ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Яъни принтернинг ўзи 2 миллион бўлса, унга қўшимча дастурлар ҳам харид қилиниши лозим, дастурни ўзлаштириш ҳам осон эмас. Бизнинг ускуна 17 минг 500 тенге туради. Уни қўлимиздаги материаллардан ясаганмиз. 

Кашфиётчи дунёда 40 миллиондан зиёд кўзи ожиз одамлар мавжудлигини билиб қолгач, улар учун ҳамёнбоп ускуна яратишни ният қилди. Дунёга таниқли компания ёзиш ва ўқиш учун барча зарур нарсаси бор ускунага қизиқиш билдирди.

МЕЙРАМГУЛЬ ЎРИНБАЕВА, ЛОЙИҲА РАҲБАРИ:

– Яқинда машҳур хорижий компания «Solve for tomorrow» танловини ўтказди. Унда 450 та жамоа қатнашди. Сараланган энг кучли 30 та жамоа ичида биз ҳам бўлдик. Кейинги турларнинг якунларига кўра, жамоамиз илғор 10 ликка кирди. Сентябрь ойида Астанада яна бир танлов ўтказилади. Унда ҳам қатнашамиз.

Янги принтер Жамбил вилоятидаги кўрлар ва кўзи ожизлар вилоят кутубхонасида синовдан ўтди. Уни юқори баҳолашди. Ускуна кўриш қобилиятида муаммоси бор катталарга ва болаларга фойдали бўлиши, ёрдам беришига ихтирочининг ишончи комил.

Абдумалик Сарманов таржимаси