Қосим хон ҳақида драма экранларга чиқди

Қосим хон ҳақида драма экранларга чиқди

«Буюк дашт тонгги». Режиссёр Ақан Сатаевнинг узоқ кутилган тарихий экшн-драмаси Қозоғистон прокатига чиқди. Фильм Қосимхоннинг болалиги, ёшлиги ва Қозоқ хонлигини бошқарган даври ҳақида ҳикоя қилади. Картина «Қазақфильм» киностудиясида суратга олинди. Ишлар бир ярим йил давом этди. Жараёнда жами 2,5 минг одам қатнашди. Асосий эпизодлар Алмати вилоятида, Жаркент шаҳри ва Кеген посёлкасида суратга олинди. Картина муаллифларининг маълум қилишича, Қапчағай яқинида энг мураккаб ва асосий саҳналардан бири – Улитау учун жанг саҳнаси жонлантирилди. У кинолентанинг асосий қисмини ташкил қилади. 

Ақан Сатаев, «Буюк Дашт Тонгги» фильми режиссёри:

- Тарихимизнинг энг муҳим саҳифаларидан бири. Албатта, унда Қосимхон асосий ўрин тутади. Шундай буюк шахс ҳақидаги фильмни кўрсатиш ҳам қувончли, ҳам масъулиятли. Томошабинлар ишимизни ижобий баҳолашига умид қиламан. Осон бўлмади. Қишда ва ёзда суратга олиш ишлари ўтказилди. Улар орасидагина дам олишга муваффақ бўлдик. 2,5 соатли картинанинг 20 минути жанг саҳналарига ажратилган, аслида бу жуда кўп, унга тайёргарлик жараённинг энг мураккаб қисми бўлди.

Экшн-драмада бош ролни атниқли актёр  Берик Айтжанов ўйнади. Унинг таъкидлашича, афсонавий Қосимхонни ўйнаш осонмас, томошабин қаршисидаги улкан масъулият юки оғир. Таъкидлаш лозимки, кинокастингда Қозоғистонннинг турли қисмларидан келган олти мингдан зиёд онлайн-ариза кўриб чиқилди.

Берик Айтжанов, Қосимхон ролини ўйнаган актёр:

- Мамлакат Қосимхоннинг экранларга чиқишини кутаётганди. Бу образ ёшлар учун ҳам, янгидан ўсиб келаётган авлод учун намуна бўлади. Ватанпарварлик руҳида тарбиялайди,  мустақиллик қадриятларини ривожлантириб боргани ҳолда, тарихимизни ҳурмат қилиш ва эъзозлашга чақиради.  Менинг вазифам Қозоқ хонлиги оёққа туриши ва ривожланишида асосий ўрин тутган Қосимхон образини, унинг буюклиги, ҳукмдор сифатида донолигини имкон қадар аниқ ва ҳаққоний намоён этиш эди.

Фильм сценарийси муаллифлари – машҳур кинодраматург Бекбўлат Шекеров, Назира Бакаева ва Ақан Сатаев. Картинани яратишда олимлар, этнографлар, маданиятшунослар ҳам қатнашди.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.