Қозоғистон инвестициялар жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда пешқадам. ЭСКАТО берган маълумотга кўра, ўтган йили республика greenfield лойиҳаларига 19 миллиард доллар жалб қилган. Бу минтақадаги янги ишлаб чиқаришларга киритилган инвестицияларнинг деярли 90 фоизини ташкил этади. Умуман олганда, бевосита хорижий инвестиция оқими 14 фоиздан кўпроққа ошди, 20,5 миллиард долларни ташкил этди. Сармоя асосан савдо, қайта ишлаш саноати ва тоғ-кон саноатига келяпти. Нидерландия, Россия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сингапур Қозоғистоннинг энг йирик инвесторлари қаторида. Улар капитали йирик саноат, инфратузилма ва юқори технологик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган. Ҳукумат тизимли ислоҳотлар, лойиҳаларни кузатиб борувчи инвестиция штаби фаолияти, инвестициявий келишувлар механизми туфайли бундай натижаларга эришилганини таъкидлади. Эндиликда қиймати 60 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳалар учун 25 йилгача бўлган муддатда тегишли қонунчилик барқарор бўлиши кафолатланади. Бугунги кунга қадар 62 та шундай шартнома имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

