«Марказий Осиё-Япония» биринчи саммити: Ҳамкорликнинг янги уфқлари

«Марказий Осиё-Япония» биринчи саммити: Ҳамкорликнинг янги уфқлари

Қозоғистон Япония билан қўшма лойиҳалар учун зарур шарт-шароит яратишга ва қулай инвестиция муҳитини таъминлашга тайёр. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё-Япония» мулоқоти биринчи саммитида айтиб ўтди. Давлат раҳбари Бош вазир Санаэ Такаичига учрашув ташаббуси учун миннатдорчилик билдирди. Унинг фикрича, бу каби саммитлар Марказий Осиёнинг халқаро жараёнлардаги роли кучаяётганини кўрсатади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Тараққиёт даражасига кўра нодир мегаполис - Токиода шундай муҳим форум ўтказилиши Қозоғистон ва, тахминимча, бутун Марказий Осиё учун катта аҳамиятга эга воқеа. Япония собиқ ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагучи хоним тимсолида “Марказий Осиё-Япония” мулоқотини яратиш ташаббуси билан чиққани рамзий маънога эга. Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги биринчи йиғилиш 2004 йилда Астанада ташкил этилганди. Бу тадбир Марказий Осиёнинг бошқа йирик давлатлар билан шунга ўхшаш платформаларни йўлга қўйиши учун мисол бўлганди.

Қозоғистон Президенти алоҳида таъкидлаганидек, Марказий Осиёнинг Япония билан ҳамкорлиги – тарихан шаклланган жараён. Ўтмишда давлатларни Буюк Ипак йўли ўзаро боғлаб турган. Ва бугун ўзаро манфаатли алоқалар учун сабаблар анчагина. Масалан, Марказий Осиёнинг транзит ва логистика салоҳияти Япония учун катта имкониятлар очади. Қолаверса, Осиё ва Европа орасида қуруқликдаги юк ташувининг 80 фоиздан кўпроғи Қозоғистон ҳудуди орқали амалга оширилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Япония Ҳукуматининг Каспий денгизидаги Ақтау портидаги божхона тартибларини такомиллаштиришда иштирок этиш борасидаги қарорини қизғин қутлади ва япон компанияларини Ўрта йўлак бўйлаб темирйўл, порт, автомобиль ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришда қатнашишга чақирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Японияни савдо, инвестиция, транспорт, логистика, фан, технология, таълим ёки сифатли инсон омили бўлсин, ҳамкорликнинг барча соҳаларида синалган ишончли шерик сифатида кўради. Ишончим комил, мазкур саммит Қозоғистон ва Япония ҳамкорлигида аниқ натажалар келтиради, кўзланган мақсадга эришамиз. Бош вазир хоним, Қозоғистон Марказий Осиё ва Япония форматидаги саммит ўтказиш навбатини қабул қилишга тайёр.

Айни вақтда, Қозоғистон япон инновациялари ва инвестицияларини углеводородлар қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор. Ўзаро шериклик учун яна бир соҳа – атом энергетикаси. Бунда ядровий чиқиндиларни тартибга солиш, ядро хавфсизлиги ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга оид лойиҳалар алоҳида қизиқиш уйғотади. Шунингдек, Давлат раҳбари барқарор қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма тадқиқот платформасини яратишни, сув хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди. Саммит натижаларига кўра, Токио декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, шундай форматдаги кейинги учрашув Қозоғистонда бўлишига келишиб олинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси