Марказий Осиё медиафоруми иш бошлади

Марказий Осиё медиафоруми иш бошлади

Марказий Осиёда ягона журналистика академияси ташкил этилиши мумкин. У минтақа давлатлари илмий ва таълимий салоҳиятини бирлаштиради. Республикалар креатив хаб яратиш, медиа мукофот таъсис этиш, Марказий Осиёнинг буюк шахслари ҳақида телелойиҳа яратиш ниятида. Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Астанада ўтказилаётган II Марказий Осиё медиафорумида шундай баёнот берди. Тадбирда 700 дан зиёд делегат қатнашмоқда. Улар қаторида журналистлар ва соҳа экспертлари, медиакомпаниялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари бор. Марказий Осиё давлатлари инвестициялар жалб этиш, туризмни ривожлантириш ва умумий тарихий-маданий меросни оммалаштириш учун биргаликда контент яратиш ниятида. 

Аида Балаева, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири:

- Марказий Осиё етакчилари даражасида кўп марта ахборот соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи муҳокама қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев қўшма медиамаҳсулотлар яратишни ҳукуматлар зиммасига юклашни таклиф қилди. Қозоғистон ягона Марказий Осиё телеканалини ташкил этиш, минтақа салоҳиятини, халқлар дўстлиги ва бирлигини намойиш этувчи телелойиҳалар яратиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.

Телеканал билан бирга минтақа давлатлари қўшма медиамайдонча ҳам ташкил эта олади. У Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ахборот ҳамкорлигини янги даражага олиб чиқади. Қозоғистон ва Ўзбекистон бу йўналишда иш бошлаган. Икки давлат журналистлар учун тренинглардан тортиб, семинарларгача бўлган дезинформацияга қарши биргаликда курашиш режасини имзолади.

Асаджон Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони қошидаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:

- Биз Қозоғистон ва Озарбайжон билан ўзаро ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиққанмиз. Биз бу йўналишда ишлашда давом этмоқчимиз. Бугун Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам шундай ўзаро алоқа механизмини яратиш масаласини ҳамкасблар ўртасида муҳокама қилдик. Биринчи навбатда, тегишли меморандумларни имзолаш муҳим. Бу эса ҳамкорлигимизнинг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири.

Абдумалик Сарманов таржимаси