Қозоғистон
ўз раислиги доирасида Шанхай
Ҳамкорлик Ташкилотининг глобал ролини оширади. Марказий
Осиё мамлакатлари стратегик тадқиқотлар институтларининг раҳбарлари шундай фикр
билдирди. Улар
айтишича, республикамиз бир
нечта йўналишларни илгари суриш вазифасини зиммасига олган. Бу – хавфсизликни
таъминлаш, савдо-иқтисодий
алоқаларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ришталарни равнақ топтириш, энергия
ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, рақамлаштириш ва экология
соҳаларида ўзаро шериклик. Қозоғистон,
шунингдек, Ташкилотга аъзо давлатларнинг транспорт борасида ўзаро боғлиқлигини
ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, бу эса, ўз навбатида, бутун
минтақанинг иқтисодий тараққиётига кучли туртки бериши мумкин. Умуман, аналитиклар фикрича, республикамиз ШҲТ
давлатлари орасида ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг драйверларидан
бири бўлишга, янги аъзоларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Ташкилот
раислиги эстафетасини
қабул қилиш билан
Астана ўзини
кўп томонлама дипломат
сифатида кўрсатади,
умумминтақавий
ҳамда умумқитъа манфаатларини илгари суради.
Жавлон Ваҳобов, Марказий Осиё
халқаро институти директори:
- Бугунги кунда ШҲТ Евроосиё майдонидаги йирик
бирлашмалардан бирига айланмоқда. Кўплаб давлатлар томонидан ушбу Ташкилотга
шундай юксак эътибор қаратилаётгани шундан далолатки, ШҲТ тўғри йўлдан боряпти
ва бу юқори мақсадларга эришишда Қозоғистон ўз раислиги билан салмоқли ҳисса
қўшади, биз буни қўллаб-қувватлаймиз ва албатта, ШҲТнинг Астана саммитида қабул
қилинадиган барча келишувлар амалга ошишида катта муваффақиятлар тилаймиз.
Усмонзода Хайриддин, Тожикистон Республикаси Президенти қошидаги
Стратегик тадқиқотлар маркази директори:
- Тожикистон учун жорий йилда ШҲТда Қозоғистон раислигининг қимматли улуши шуниси билан аҳамиятлики, барқарор тараққиёт масалаларига, жумладан, экологик муаммоларга катта эътибор қаратилди, ушбу форматда Қозоғистонда ва ШҲТга аъзо бошқа давлатларда ўтказилган тадбирлар кўп бўлди. Қозоғистон Республикасининг ШҲТга аъзо давлатлар тараққиёти истиқболларига аниқ баҳо беришдаги эътибори аҳамиятли.
Абдумалик Сарманов таржимаси